“Вақф” жамғармаси 1 миллиард 800 миллион сўм закотни муҳтожларга бўлиб берди

"Вақф" жамғармаси аввалроқ хайрия ишлари учун нон цехи очганини билдирган эди. Муфтият сайтидан олинган фото.

“Вақф” жамғармаси 1 май ҳолатига кўра муҳтожларга тарқатилган закот миқдорини эълон қилди.

Расмий хабарда айтилишича, 2018 йилнинг июнидан 2019 йилнинг 1 майига қадар жамғармага 2 миллиард 154 миллион сўм закот маблағлари келиб тушган. Бу пулларнинг 1 миллиард 800 миллион сўми 1202 нафар муҳтож одамга тарқатилди.

“Тарқатилган маблағларни ҳисобга олганда ҳар бир кўмакка муҳтож инсонга ўртача 1,5 миллион сўмдан закот маблағи тарқатилди”, дейилади расмий хабарда.

Апрель ойида “Вақф” фонди қошида нон ишлаб чиқарувчи цех очилгани хабар қилинган эди. Жамғарма нондан тушган фойда ҳисобидан меҳрибонлик, қариялар ва ногиронлар уйларига хайрия берилишини билдирган.