Собиқ ҳокимдан "пора сифатида мусодара қилинган" 400 минг доллар унинг хотинига қайтариб берилди

Юнусобод туман собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов суд жараёни пайтида.

Тошкентнинг Юнусобод тумани собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматовдан Давлат хавфсизлик хизмати томонидан “пора сифатида мусодара қилинган” 400 минг доллар суд ҳукми билан унинг турмуш ўртоғи Д. Абдусаматовага топширилди.

Бу ҳақда “Кун уз” нашри 14 май куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига таянган ҳолда хабар берди.

Аввалроқ Озодлик радиоси давлат қороловчиси - Тошкент прокурори ёрдамчиси Сардор Аҳмедов судда Бахтиёр Абдусаматов пора олгани исботланмаганини айтиб, шу муносабат билан суддан пора олганлик айбловини олиб ташлашни илтимос қилгани тўғрисида хабар берган эди.

Суд қораловчининг бу илтимосини инбоатга олган ва пора олиш тўғрисидаги айбловни олиб ташлаган.

Бахтиёр Абдусаматов Жиноят кодексининг 205-моддаси ("Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш") бўйича айбдор деб топилди ҳамда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

43 яшар Бахтиёр Абдусаматов 2018 йилнинг 7 сентябрида сармоядорга ер майдони ажратиб бериш эвазига 400 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаëтган пайти ДХХ тарафидан қўлга олингани маҳаллий матбуотда хабар қилинган эди.

Унга нисбатан суд жараёни апрель ойида бошланган ва 13 майда ниҳоясига етган.