Ўзбекистонда мажбурий ягона мактаб формасини жорий этиш беш йилга кечиктирилди.
Бу ҳақда Facebook саҳифасида маълум қилган Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовга кўра, ҳукуматнинг 18 июндаги қарори билан ягона мактаб формаси 2024−2025 ўқув йилидан мажбур бўлади.
Бир неча ҳафта аввал Халқ таълими вазирлиги 2019−2020 ўқув йилидан бошлаб мамлакатда ягона мактаб формаси жорий этилганини ота -оналарга эслатганди. Ягона мактаб формаси тўғрисидаги қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йилнинг 15 августида қабул қилинган эди.
Май ойининг охирида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари, президентнинг қизи Саида Мирзиёева ўзининг Facebook саҳифасида ягона мактаб формасини жорий этишга ҳали эрта экани тўғрисида фикр билдирган эди.
Бу воқеадан бир неча кун ўтгач, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 2019-2020 ўқув йилидан мактаб формаси мажбурий бўлмаслигини маълум қилди.
Вазирга кўра, 1-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилар учун мактаб формасини тикиш жуда катта ҳажмдаги ресурсларни талаб қилади. Мамлакат тўқимачилик саноати айни пайтда бу вазифанинг уддасидан чиқа олмаслиги мумкин.