Туркманистонда аҳоли ўртасида гепатитга (сариққа) чалинганлар сони кўпаймоқда. Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирлари Тошҳовуз, Лебап ва Ахал вилоятларида мазкур касалликка чалиниш ҳолатлари кўп кузатилаётгани борасида хабар қилган.
"Тошҳовуз вилоятида ҳақиқатан ҳам А гепатити эпидемияси кузатилмоқда. Асосан ўсмирлар ва болалар касалликка чалинаяпти. Катта ёшдагилар нисбатан оз. Сўнгги бор бу каби ҳолат 3 йил аввал худди шу ерда кузатилган эди", дея хабар беради Озодлик мухбири.
Мухбиримиз билан суҳбатлашган тиббиёт ходимлари касаллик билан боғлиқ ўлим ҳолатлари ҳам қайд қилинганини айтганлар.
"Ўлим ҳолатлари қайд этилди. Шифохоналарда дори йўқ. Оғир вазиятларда шифокорлар "Гептрал"ни тавсия қилмоқда, тажрибадан маълумки, бу дори педиатрияда 18 ёшгача, дея чекланган. 5 та ампула 600 манат туради ва буни ҳамма ҳам сотиб ололмайди. Эпидемия ҳақида гапириш расман тақиқланган", дейди Озодлик суҳбатдошлари.
Маълумотларга кўра, Тошҳовузда гепатит тарқалиши август ойи охиридан бери кузатилмоқда.
15 октябрь куни Озодлик мухбири Ахал вилоятидаги маҳаллий шифохоналар гепатитга чалинган болалар билан тўлиб кетганини маълум қилди.
Унга кўра, минтақа расмийлари касаллик ва унинг тарқалишини олдини олиш борасида аҳолига маълумот бермаяпти, жумладан, болалар боғчаларида ота-оналар мажлислари ўтказилмаган. Шу сабабли ҳам ота-оналарнинг кўпи касаллик хавфини етарлича англаб етишмаган.
Мамлакат расмийлари ва давлат нашрлари гепатит касаллигининг тарқалиши юзасидан аҳолига маълумот бермаяпти.