Энергетика вазирлиги жорий йилда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига ёқилғи маҳсулотларини барқарор етказиб бериш учун табиий газ қазиб олишни 2019 йилгига нисбатан 4 миллиард куб метрдан зиёд кўпайтириши керак. Бундай вазифа вазирлик олдига президент Шавкат Мирзиёев томонидан 6 февраль куни нефть-газ саноатидаги ишлар натижадорлиги, табиий газ ва суюқ углеводородлар қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича жорий йилги вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда қўйилди.
“Биз соҳадаги камчиликларни бартараф этиш бўйича ўтган уч йилда кўпгина чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этдик. Лекин натижаларни таҳлил этадиган бўлсак, ҳали нефть-газ, электр энергиясининг барқарор таъминотида халқимиз, тадбиркорларимиз талабини тўла қаноатлантира олмаяпмиз. Шунинг учун ҳар бир масалага чуқур эътибор қаратиб, янгича ёндашувлар асосида самарали иш тизимини ташкил этишимиз керак. Агар бу вазифаларни ўз вақтида амалга оширмасак, иқтисодиётимизда кўзлаган мақсадларимизга эриша олмаймиз”, дея иқтибос келтиради Ш. Мирзиёев сўзларидан президент матбуот хизмати.
Йиғилишда “Ўзбекнефтгаз” компанияси олдига ҳар бир коннинг ҳолатини танқидий таҳлил қилиб, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш вазифаси қўйилган.
Аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмасини барпо этиш ва модернизация қилиш бўйича 3 та лойиҳани якунлаш лозимлиги қайд этилган.
Ўзбекистонда табиий газ таъминотидаги узилишлар аҳоли норозилигига сабаб бўлаётгани, газ тақчиллиги туфайли ҳатто йирик корхоналар фаолияти тўхтаб қолаётгани ҳақида аввалроқ Озодлик бир неча бор хабар қилган.