Ўзбекистон президенти Анқарага келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг таклифига биноан 19 февраль куни ташриф билан Туркияга келди.

Ўзбекистон раҳбари расмий сайтининг хабар қилишича, "Эсонбуға" халқаро аэропортида Шавкат Мирзиёевни Туркия ҳукумати аъзолари, Анқара музофоти ва шаҳри раҳбарияти, бошқа расмий шахслар кутиб олди.

19 февралда икки давлат раҳбарлари раислигида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади. Музокараларда кўп қиррали Ўзбекистон-Туркия муносабатлари, аввало сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий,транспорт-коммуникация, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.