Avto 60 oy ширкати қарийб 19 минг мижозини миллиардлаб сўмга чув туширди

Иллюстратив сурат.

Беш йилга бўлиб тўлаш шарти билан машина сотишни ваъда қилган Avto oltmish oy ширкати бор-йўғи 4 ой ичида 18 минг 818 нафар мижоздан 57 млрд 412 млн сўм олган. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов қўмитаси вакиллари 2 март куни Тошкентда ўтган брифингда маълум қилганлар.

Ширкат таъсисчиси Жамшид Баҳодиров ва бошқа мансабдор шахсларга нисбатан ЎзбекистонЖиноят кодексининг 188−1-моддаси 1-қисми (пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) бўйича 2019 йилнинг 12 октябрь куни жиноят иши қўзғатилган. Бунга UzAuto Motors`нинг ширкат 5 йил муддатга фоизсиз, бўлиб тўлаш шарти билан автомобиль харид қилишни таклиф этаётгани ва машинани 135 кун ичида етказиб беришни ваъда қилаётгани бўйича шубҳали фаолиятига оид мурожаати сабаб бўлган.

Тергов давомида аниқланишича, Avto oltmish oy мижозлардан транспорт воситаси турига қараб 2 млн сўмдан 10 млн сўмгача олиб, шартнома расмийлаштирган. Тадбиркорлар ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармасдан, шартнома тузиш учун фуқаролардан тушган пул маблағларини жамият фаолиятини реклама қилишга сарфлаган.

Ширкат ўз ҳисоб рақамига тушган пулдан 130 та транспорт воситаларини сотиб олиб бериш учун Qibray avto moto servise МЧЖга 24 млрд 600 млн сўмини ўтказиб берган. Avto oltmish oy 96 нафар мижозга транспорт воситаси етказиб берган, қолганларига автомашина олиб бериш юзасидан мажбуриятини бажариш учун эса ширкат ҳисоб рақамида етарли пул бўлмаган.

Жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг ундирилган қисми 34 млрд 148 млн сўмни ташкил қилади. Бундан нақд пул шаклида 26 млрд сўм, хатланган мол-мулклар 8 млрд 148 млн сўм, шунингдек, 28 та турли русумдаги умумий баҳоси 2 млрд 100 млн сўмга тенг бўлган транспорт воситаларини хатлаш чоралари кўрилаётгани айтилган.

Терговчилар айбланувчилар томонидан жабрланувчиларга етказилган зарарларни ундириш масаласи суд жараёнида ҳал этилишини билдирганлар.