“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизматининг билдиришича¸ “табиий газдан ўзбошимчалик ва ноқонуний фойдаланиш ҳолати ортидан “Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” раҳбари ўринбосари-бош муҳандис эгаллаб турган вазифасидан озод этилган”.
Айтилишича¸ 26 февраль куни Бош Прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг “Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” ходимлари ҳамкорлигида текширув ўтказган.
“Ўтказилган ўрганиш давомида “Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”га қарашли Газни хўжалик ҳисоблаш тизими ҳудуди атрофида жойлашган “IDEAL GRANT BINOKOR” МЧЖга қарашли иссиқхонанинг ҳеч қандай ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди.
Ушбу ҳолат бўйича келтирилган зарар миқдорлари ҳисоб-китоб қилиниб¸ “IDEAL GRANT BINOKOR” МЧЖдан давлат фойдасига ундириш ва тегишли чора кўриш учун Прокуратура органига керакли маълумотлар тақдим этилди”¸ дейилади “Ўзбекнефтгаз” хабарида.
Ушбу текширув ортидан “Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” раҳбари ўринбосари-бош муҳандис эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.
Озодликка маълум бўлишича¸ табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган МЧЖ¸ ишдан олинган бошқарма раҳбари муовининг оиласига қарашли бўлган.
Президент Шавкат Мирзиёев 6 февраль куни нефть-газ саноатидаги вазиятга бағишланган махсус йиғилиш ўтказган ва унда тизимдаги коррупцияга қарши курашиш бўйича “комплаенс назорат” тизими жорий этишни топширган эди.
Ўзбекистонда қиш мавсумида аҳолини табиий газ билан таъминлашдаги узилишлар боис¸ аксар иссиқхоналарга газ бериш тўхтатилади.