Президент Шавкат Мирзиёев 8-март Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазмалар компанияси павильонида ўтказилган тантанали тадбирда сўзлаган нутқида, раҳбарлик лавозимларига аёлларни тайинлаш амалиёти давом эттирилиши ҳақида гапирди:
“Бундан кейин ҳам мамлакатимиздаги катта-катта ташкилот ва компаниялар раҳбарлигига аёлларни тайинлаш ташаббуси давом этади. Биз уларни тайёрлаяпмиз. Кимларгадир бу иш ёқмас, лекин менга ёқади”.
Президент бу гапни гапиришдан олдин Андижон вилоятининг Бўстон туманига Садбархон Мамитова, Бухоро вилоятининг Олот туманига Наргиза Неъматова, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманига Зулайҳо Маҳкамова, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрига Гавҳар Алимова, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманига Дилфуза Ўролова, Қашқадарё вилоятининг Қарши туманига Маҳсуда Мустафоева ҳоким этиб тайинланганини таъкидлаб ўтди.
Президентга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизи хотин-қизлардир. Бу кўрсаткич Сенатда ва маҳаллий кенгашларда 25 фоиздан ошган.
“Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда аёллар сони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Мамлакатимиз парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилди. Ҳолбуки, – шунга эътибор беришингизни сўрайман – бундан 5 йил аввал биз бу борада 128-ўринда эдик”, деди Шавкат Мирзиёев.
Президент нутқи давомида ҳозирги вақтда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 380 нафардан зиёд хотин-қиз раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилаётганини билдирди.