Коронавирусга чалиниб касалхонага ётқизилган Британия Бош вазири Борис Жонсон реанимациядан оддий палатага кўчирилди. Бу ҳақда 9 апрель куни Бош вазир матбуот хизматига таянган ҳолда Британия матбуоти хабар берди.
Ҳукумат баёнотида айтилишича, Бош вазир "ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда", унинг "кайфияти яхши". Баёнотда Жонсон “соғайишнинг биринчи босқичида” экани таъкидланган.
Борис Жонсон 27 март куни коронавирусга чалинганини ва уйда ўзини яккалаш режимида қолаётганини билдирган эди. 6 апрель куни у касалхонага ётқизилган, 7 апрель куни эса реанимация бўлимига кўчирилган эди.
Жонсон реанимация бўлимида уч кун даволанди. Чоршанба куни унинг аҳволи яхшилана бошлагани хабар қилинган.
Британияда шу кунгача 65 минг одам коронавирус юқтирди, вирусдан 8 минг одам вафот этди. Сўнгги 24 соат ичида коронавирусдан Британияда 881 одам ўлди.