Халқаро амнистия ташкилоти Эрон қамоқларида коронавирус юзасидан бўлиб ўтган исёнларда камида 35 махбус ўлдирилганини, ўнлаб одамлар ярадор бўлганини 9 апрель куни хабар қилди.
Айни пайтда ҳам Эроннинг саккизта қамоқхонасида минглаб маҳбуслар исённи давом эттирмоқда. Улар қамоқда коронавирус юқтириб олишларидан ташвишланмоқдалар.
Халқаро амнистия ҳисоботида айтилишича, ишончли манбалар ва маҳбусларнинг қариндошлари қамоқдагиларга нисбатан нозирлар ўқотар қурол ва кўздан ёш оқизувчи газларни қўллаётганини билдирганлар.
Ҳозирча Эрон ҳукумати мазкур ҳисоботга муносабат билдирмади.
Ўтган ойда Эрон расмийлари COVID-19 коронавируси тарқалиши олдини олиш мақсадида 85 минг маҳбусни қамоқдан вақтинча озод қилган эди. Ҳозирги кунда Эронда яна минглаб маҳбус қамоқларда қолмоқда.
Эронда 9 апрель ҳолатига кўра, коронавирус юқтирганлар сони 66 мингдан ошди, 4000 яқин бемор вафот этди.