Беларус мухолифати раҳбари Светлана Тихановская демократия учун курашаётган белорусларни қўллаш учун 29 май куни глобал бирдамлик кунини ўтказишга чақирди.
Мухолифатчи барчани Беларусда тинч намойишлар ҳамда "замонавий тарихимиздаги энг қаттиқ репрессиялар" бошланганига бир йил тўлган кунда "глобал раллида" иштирок этишга чорлади.
29 май, шунингдек, Тихановскаянинг эри, қамоқдаги блогер Сергей Тихановский рухсатсиз митингда қатнашгани учун ҳибсга олинган кундир.
2020 йил августида бўлиб ўтган президентлик сайловларига номзод бўлишга интилган Тихановский бир йилдан бери қамоқда. Жорий йилнинг март ойида унга сўнгги айбловлар эълон қилинди. Блогер айбдор деб топилса, 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Эрининг ўрнига президентликка номзодини қўйган ва мухолифатнинг асосий номзодига айланган Тихановская 29 май куни бўлиб ўтадиган глобал митингда сиёсатчилар ва хориж давлатларидаги белоруслар иштирок этишини айтди.
Ғарб мамлакатлари ўтган йили бўлиб ўтган президент сайловларининг легитимлигини тан олмайди. Расмий натижага кўра, Александр Лукашенко олтинчи марта сайланган ушбу сайловлардан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланган. Расмийлар аҳоли норозилигини куч билан бостириб келмоқда.