Польша Беларус ҳарбийларини чегарадаги тўсиқларни йўқ қилишга уринаётганликда айблади

Польша Чегара хизмати Беларус ҳарбийларини бир гуруҳ муҳожирларни мамлакатга киритиш учун чегарадаги тўсиқларни йўқ қилишга уринганликда айблади.

Польша чегарачилари маълумотига кўра, кечаси Яқин Шарқдан келган 100 га яқин муҳожир Беларусдан Польша чегарасини ёриб ўтишга ҳаракат қилган.

Беларус ҳарбийлари, Варшавага кўра, Польшанинг Черемха қишлоғи яқинида машина билан тўсиқларни йўқ қилишга ва тиканли симни синдиришга уринган.

Шунингдек, Польша чегара хизмати беларус ҳарбийлари полшалик чегарачиларни стробоскопик ёруғлик ва лазер ёрдамида чалғитишга уриниши тасвирланган видеони ҳам эълон қили.

Польша томони беларуслик ҳарбийларни муҳожирларни кўздан ёш оқизувчи газ баллонлари билан таъминлаганликда ҳам айблади.

Аввалроқ Польша полицияси Беларус-Польша чегараси яқинидаги ўрмонда суриялик муҳожирнинг жасади топилгани ҳақида хабар берган эди.

Унинг ўлими сабаблари ҳақида маълумот берилмаган. Варшава аввалроқ камида саккиз нафар муҳожирнинг ўлими ҳақида хабар берган эди. Минск Беларус ҳудудида муҳожирларнинг ўлими ҳолатлари ҳақида хабар бермаяпти.

Охирги ойларда ҳар ҳафта Истанбул, Дамашқ ва Дубайдан 40 га яқин самолёт Минскка этиб келди, деб хабар берди РБК.

Европа Иттифоқи Беларуснинг Польша ва Болтиқбўйи мамлакатлари билан чегарасидаги миграция инқирозини Александр Лукашенко атайлаб қўзғатган деб ҳисоблайди.

ЕИ расмийлари фикрича, Минск ўтган йилги сохта президентлик сайловлари ва ҳукуматга қарши намойишлар бостирилганидан кейин киритилган санксиялардан ўч олишга ҳаракат қилмоқда.