“Тихановский иши” бўйича суд ҳукми эълон қилинганидан сўнг мазкур иш доирасида 15 йилга қамалган Озодлик беларус хизати медиамаслаҳатчиси Игорь Лосикнинг рафиқаси Лукашенко, кучишлатар ходимлар ва судьяларга видеомурожаат йўллади.
Дарья Лосикнинг ушбу мурожаати матнини қуйида тўлиқ келтирамиз.
“Бир дақиқа диққат қилинг. Менинг исмим Дарья Лосик, сиёсий маҳкум Игорь Лосикнинг хотиниман.
Мен бугун юз берган ҳақсизликка дахлдор барчага, хусусан судьялар, прокурорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва тергов изоляторлари ходимлари ва, албатта, фуқаро Лукашенкога мурожаат қилмоқчиман. “Тихановский иши бўйича суд” деб аталмиш майнавозчилик, саҳналаштирилган томоша бугун ниҳоясига етди.
Мавзуга алоқадор Беларусда Тихановскаянинг эри ва бошқа мухолифатчилар узоқ йилларга қамалдиБу воқеалардан сўнг ўзингизни қандай ҳис этаётганингиз ҳақида сўраб ўтирмайман, лекин, умид қиламанки, аҳволингиз ёмон. Бугунги қилмишингиздан кейин ҳаётингизни қандай давом эттирасиз, фарзандларингиз, яқинларингиз ва севганларингизни қандай қучасиз? Умидворманки, аҳволингиз ёмон. Айбсиз инсонларнинг тақдири ва ҳаётини барбод қилганингни идрок этиш қанақа бўларкин? Умид қиламанки, оғриқли бўлса керак.
Сиз барча қонунларни ва ҳуқуқ нормаларини топтаб ташладингиз, ҳолбуки вазифангиз – уларга риоя қилишдир. Кўзларингизни ҳеч ким ҳеч қачон кўрмаслигига, қора ишларингиз ҳеч қачон ошкор бўлмаслигига умид қилиб, ҳибсхона ва судларнинг эшиклари ортига, ойналари қорайтирилган автоуловлар бағрига биқиниб олдингиз. Бекор қиласиз, зеро судьялар, прокурорлар, кучишлатар ходимлар – барчаси бу ўйинда пиёдалар кабидир, дўппи тор келганда уларни оппа-осон қурбон қилиб юборадилар. Тизим ҳалол ва ажойиб инсонларни ҳозир зиндонларда қандай чиритаётган бўлса, бир кун келиб сизни ҳам шу кўйга солади.
Мавзуга алоқадор Умид ва қўрқув: Сўнгги бир йилда Беларусь қанчалик ўзгарди?Шу боис мен яна бир дафъа фуқаро Лукашенкоа юзланяпман.
Александр Григорьевич, давлат пропагандаси барча телеканаллар ва интернет сайтларида сизнинг нақадар ботирлигингиз, мамлакатни қанчалар фидокорлик ва сабот билан барча рўёвий ва хаёлий балолардан халос этаётганингиз ҳақида лоф урмоқда. Ажаб, шунчалик даҳшатли хавф-хатарлар билан олишиб келаяпсизу, лекин, эрини севгучи хотин ва она бўлмиш оддий бир аёл билан учрашмоққа журъатингиз етмапти. Балки сўзларим нотўғрилигини исботларсиз?
Такрор айтаман: мен ёлғизман. Сиз мени ойналари қорайтирилган автоуловларингиздан бирига босиб, чаккамга тўппонча тираб ва мутлақо махфий тарзда истаган ерингизга олиб кетишингиз мумкин. Нимадан қўрқасиз? Ахир ортингизда, ўзингиз иддао қилгандек, сизни дастакловчи 90 фоиз аҳоли турибди, аксар аҳоли дегани – фақат кучишлатар ходимлар эмас, оддий одамлар ҳам, деганидир.
Мавзуга алоқадор АҚШ Конгресси комиссияси Беларусь ҳукуматини қамоқдаги блогерни озодликка чиқаришга чақирдиКелинг, юзма-юз кўришайлик. Мен сизга тобеларингиз соясида оиламиз бошига тушган кўргиликлардан ҳикоя қилиб бераман. Эримнинг икки марта очлик сақлаганига қандай бардош берганимни, у сизнинг терговчиларингиздан бирининг кўз олдида ўз жонига қасд қилишга уринганини билганимда кўнглимдан нелар кечганини сўзлаб бераман. Эримни руҳий носоғлом одамлар билан битта камерага қамаб қўйишганида, Гомель шаҳридаги 3-сонли ҳибсхона психологи уни қайта суицидга ундаётганини эшитганимда қанақа азобларни бошдан ўтказганимни айтаман. Қизим ҳар куни “Ойижон, дадам қаерда? Нега у мени боғда сайр қилдирмайди?”, дея сўроққа тутган онлар кўнглимдан кечган ҳисларнинг рангларини таъриф қилиб бераман. Сиз эса қайси гуноҳимиз учун бу уқубатларга гирифтор бўлаётганимизни менга англатишга уриниб кўрасиз.
“Мен аёллар билан олишмайман”, деган гапингиз ёдингиздами? Бироқ менинг мисолим ва ўнлаб сиёсий маҳкума аёллар мисоли бунинг аксини кўрсатмоқда.
Сиз билан муҳокама қилишга арзигулик мавзулар керагидан ортиқ, деб ўйлайман.
Учрашув вақти ва жойини танлаш сизга ҳавола. Яшириниш ёки чет элга қочиш ниятим йўқ. Қўрқоқ эмаслигингизни исботланг. Таклифингизни кутаман”.
Суд ҳукми юзасидан Озодик радиоси беларус хизматига 14 йилга қамалган Николай Статкевичнинг рафиқаси Марина Адамович ҳам изоҳ берди.
“Бизни суд залига киритишди. Биринчи қаторга ўтқизишди, айбланувчилар бизнинг ортимида, қафас ичида эдилар. Николай дарҳол ўрнидан туриб: “Мен бу ерга хотинимни кўриш учунгина келганман”, деб айтди. Орамизни тўсиб турган “спецназ” аскари четланиб, мени кўриб олиши учун шундай деди”.
“Йигитлар ўзларини тутиб олишган, кайфиятлари яхши эди. Мажлис тарзини суд эмас, айнан улар белгилашди. Ҳеч бири бўйин эгмади, ҳаммалари ўзларининг ҳақлигига қаттиқ ишонарди. Сергей Тихановский олти ой давом этган суд жараёни мобайнида ҳеч бир кимса уларга қарши кўрсатув бермаганини тантана билан эълон қилди”.
“Йигитлар “Ҳукмни тан олмаймиз”, деб рўй-рост айтишди. Николай билан Сергей “Живе Беларусь!” (“Яшасин Беларусь!”) дея хитоб қилишди. Булар бари жуда тез содир бўлди, қаттиқ ҳаяжонда бўлганим сабабли шу тобда ҳаммасини эслай олмаяпман. Сергей ҳукмни тик туриб, аммо судьяга орқа ўгирган кўйи эшитди. Николай ҳатто ўрнидан тургани йўқ. Яна кимдир судьяга орқасини ўгириб олганди, лекин кимлигини эслай олмаяпман. Чунки икки кўзим Николайда эди”.
Мавзуга алоқадор Озодлик шарҳловчиси: Лукашенко ўз одамларининг жиноятларини тан олди ва асл башарасини кўрсатдиСергей Тихановскийнинг турмуш ўртоғи Светлана Тихановская шундай ёзди: “Менинг эрим Сергей Тихановский 18 йилга озодликдан маҳрум этилибди. Мустабид ҳукмдор ўзининг энг кучли рақибларидан сурбетларча ўч олмоқда. Сиёсий тутқунларни ёпиқ маҳкамаларда суд қиларкан, у ими-жимида қатағонларини давом эттиришга умид қиляпти. Аммо бутун дунё кўриб турибди буни. Биз йўлимиздан қайтмаймиз”.