“Обналчи” деб аталаётган гуруҳлар пластик карточкадаги пулни нақдга айлантираман¸ деб одамларни чув туширмоқда.
Ўзбекистонда пластик карточкалар йўлга қўйилган дастлабки йилларданоқ, карточкадаги пулни нақдга айлантириб бериш билан шуғулланувчи махсус гуруҳлар ҳам ўз фаолиятини бошлади.
Оддий халқ “обналчи” деб атайдиган ушбу махсус гуруҳларнинг иш услуби икки хилда йўлга қўйилган¸ дейди пластик карточка билан боғлиқ муаммолар ҳақида Озодликка тез-тез мурожаат қилиб турадиган карточка эгаларидан бири фарғоналик Баҳодир Элибоев.
Бу суҳбатдошга кўра, энг оммалашган усул: махсус гуруҳ вакиллари ташкилот ва корхоналар ишчиларининг пластик карточкаларини оммавий тарзда йиғиб олиб, ундаги пулни нақдга айлантириб эгасига қайтаришидир.
- "Обналчи" дейди уларни. Обналичиват қиладиган одамлар-да. Мисол¸ бир давлат корхонаси бор. Уларнинг пластикка пул олишини у гуруҳнинг битта вакили билади. Уларга бориб “мана шуни сизларга обналичка қилиб берамиз” дейди. Уч кунда ëки икки кунда қилиб берамиз, деб ҳаммасининг кодларини ëзиб, энди озгина ишончга кирган бўлиши керак, карточкани олиб туриб икки-уч кундан кейин яна келиб нақд пулни бериб пластикларни қайтариб беришади эгаларига, дейди пластик карточка билан боғлиқ кундалик муаммолар борасида ўзига хос "эксперт"га айланган Баҳодир Элибоев.
Суҳбатдошимиз¸ иккинчи усулнинг ҳам махсус гуруҳ томонидан даромадли бизнесга айлантирилганини айтади.
- Терминал билан ишлайдиган фирмалар бор. Хусусий тадбиркорлар бор. Мисол учун¸ дорихона ëки бошқа турдаги дўконлар бор. Уларнинг олдида ҳозир одамлар туришибди-да. “Обнал қилиб бераман арзонроқ фоизга” деб обнал қилиб беришаяпти. Бу ҳозир жуда зўр бизнес тури бўлиб қолган. Етти фоиз дейишади, олти фоиз дейишади, кимдир саккиз фоиз дейди. Срочно керак бўлса, 10 фоиз дейди. Банкка ëки бошқа жойга борса қилиб бермайдию.100 сўмлик нарсани 117 сўмга пластикда оласиз. Ундан кўра нақд пул қилиб олиб¸ ўшани арзонроқ қилиб олса яхшимасми. 5-6 фоиз ушлаб қолса ҳам рози у, дейди пластик карточка атрофидаги ғирромликлардан яхши хабардор Баҳодир Элибоев.
Мазкур гуруҳлар пластик карточка эгалари мушкулини осон қилаётган бўлса, Озодлик манбаларига кўра¸ пайдо бўлган бошқа сохта тадбиркорларнинг¸ одамларни товламачилик йўли билан чув тушираётгани ҳам кузатилаяпти.
Озодликка хабар қилишларича, товламачи гуруҳлар карточкадаги пулни нақдга айлантириш ваъдаси билан одамларнинг пластик карточкаларини йиғиб олиб, ғойиб бўлади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Жиззахдаги вакили бу вилоятда ҳам пластик карточкалар билан ишлайдиган товламачи гуруҳлар мавжудлигини ва уларга қарши ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан кенг кураш кетаётганини айтади.
- Ҳуқуқ-тартибот органларимиз қаттиқроқ ишлаб¸ ҳозир менимча бунақа нималарга чек қўйилдиëв. Жуда кўплари жиноий жавобгарликка тортилиб кетдида. Бўлган эди ҳақиқатан ҳам бизда. Тўртта-бешта тадбиркор деймизми, сохта тадбиркор¸ деймизми шунақа ишлар бўлган эди. Ушла-ушла бўлиб¸ жиноий жавобгарликкача борган. Ҳозир битта-иккита бўлмаса жуда ҳам кам. Бунақа ҳолат йўқ ҳисобиëв менимча, дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг исми келтирилишини истамаган мутасадди ходими.
Андижон банкларидан бирининг ходимига кўра, аҳоли учун қулай имкониятлар яратаётган пластик карточкаларнинг хавфсизлик ва конфиденциаллиги тўла таъминланган.
- Банк омонат ҳисоб рақами беради. Омонат ҳисоб рақамингиз бировга айтилмайди, ҳеч қандай маълумот ҳам берилмайди сизнинг ҳисоб рақамингиздаги маблағ бўйича. Банкда сир сақланади. Рўйхат бўйича иш жойингиздан келади. Ўша ведомост бўйича картангизга пул тушади. Сизнинг пулингизни у ëқ бу ëққа суролмаймиз ҳам, ололмайди ҳам, ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди. Картангиз ўзинингизнинг қўлингизда бўладию. Ҳисоб рақамингиз бизда бўлади. Ҳисоб рақамингиз ҳақида ҳеч қанақа учинчи шахсларга маълумот берилмайди. Сир сақланади, дейди банк ходими.
Айрим вилоятларда пластик карточкалар билан ишлайдиган юқоридаги сингари махсус гуруҳ аъзолари ўз раҳномалари ҳимоясида экани улар фаолиятини гуллаб-яшнашига замин яратаяпти.
Фарғоналик Баҳодир Элибоев ушбу гуруҳларни айрим амалдорлар қўллаши ҳақида гапиради.
- Банкда яқин таниши бор ëки банк хўжайинига қандайдир қариндошлиги бўлади. Шунақа одамлар бўладида. Шунақа қилиб қўлида 10-15та пластик бўлади. Бориб битта алмаштириб бераверади. Энди буни махсус қайсидир банк ходими ëки қайсидир амалдор шунақа йигитчаларни топиб “Шунақа қилинглар. Бу ëғига мен жавоб бераман. Ҳеч ким текширмайди” деб махсус ташкил қилган бўлиши ҳам мумкин, дейди Баҳодир Элибоев.
Маълумотларга кўра, мамлакатдаги савдо дўконлари, умумий овқатланиш шаҳобчаларининг тахминан 40 фоизида терминал етишмайди.
Мамлакатда терминаллар ва банкоматлар етишмаслиги пластик карточкаларни ишлатиш имконини чеклайди ва ўзи-ўзидан “обналчи” гуруҳлар фаолиятига кенг йўл очади.
Шунингдек, фирма ва савдо шаҳобчаларида пластик карточка билан савдо қилинганда 10-25 % устама нарх олинса, юқоридаги махсус гуруҳлар умумий суммадан 5-10 % пул олишни таклиф қилади. Бу ҳолат ҳам одамларнинг “обналчи” гуруҳларга мурожаат қилишига эҳтиёж туғдиради.
Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда ўзбекистонликлар қўлида 7,5 миллиондан зиёд пластик карточка бор¸ мамлакат бўйича 65 мингдан ортиқ терминал ишламоқда.