Бензин муаммоси ҳал бўлди, энди дизел йўқ

Тошкентда кейинги бир ой мобайнида дизел ёнилғиси тақчил бўлиб қолгани айтилмоқда. Ҳайдовчилар бензин танқислиги муаммоси ҳал бўлиб, эндиликда солярка йўқолгани боисини билмай ҳалак. Дизел танқислиги баҳорги дала ишлари бошлангани билан боғланаётган бўлса, Россия бензинининг Ўзбекистон бозорига кириб келиши бензин муаммосини ҳал этгани айтилмоқда.

Тошкентдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида кейинги бир ой давомида дизел ёнилғиси сотилмаётганини тасдиқлаган АЁҚШ ходимлари бу муаммонинг сабабларини изоҳлай олмадилар.

- Йўқ, ҳозир йўқ солярка. Солярка камку, бермаяптику. 10 кунча бўлиб қолди шекилли бермай қўйганига... Уни (дизел тақчил бўлиб қолгани сабабини) энди билмадик, берса бўлади, бермаганда йўқда. Биз сабабини қаердан биламиз,- деди АЁҚШ ишчиларидан бири.

Автомобиллари соляркада юрадиган ҳайдовчилар эндиликда уни қўлдан олишга мажбур.

Қибрайлик Ғофиржон аканинг куёви ана шундай ҳайдовчилардан бири.

- Солярка йўқ. Куëвим машинасига солярка ишлатади. Маршруткасини соляркада ҳайдайди. Қўлдан бир жойдан олади, неча пулдан билмадим. Ҳукумат солярка берадиган жойлар бўладию. Ҳарбий қисм, Камазлари бор жойлар. Шулардан олиб чиқиб ўғирлаб, қўлда сотади булар,- дейди қибрайлик Ғофуржон ака.

Тошкентдаги давлат ташкилотларидан бирида ишловчи, бу муаммодан хабардор суҳбатдошимиз дизел тақчиллиги сабабларини изоҳлаб берди.

У киши Озодлик билан шахси сир қолиши шарти билан гаплашишга рози бўлди.

- Сабаби бизларда таги йўқда. Бизларда бензинлар ҳаммаси газолин асосан. Нефт йўқ бизларда. Жуда кам нефт. Четдан олиб келиш керак у нарсани. Ҳозир мана баҳор сезони бошланди. Жуда кўп ëқилғи керак, солярка керак. Ўша ҳам катта таъсир қилади. Олдин дала ишлари бошланишига махсус тайëрланиларди. Мавсумга тайëргарчилик бўларди. Мана Россияда ҳали ҳам гапирадию. Ëқилғини тайëрлашади баҳорга. Бизларда нефтнинг ўзи йўқ тагида. Шунинг учун у четдан келиши керак. Солярканинг дала ишларига кўпроқ ишлатаётгани боис бу ёқда танқислик юзага келди,- дейди давлат хизматчиси.

Лекин айтиш жоиз мавзуни ўрганаётиб вилоятларда дизел муаммоси деярли йўқлигини аниқладик. Фарғона ва Бухоро вилоятидаги АЁҚШлардан айримлари билан боғланганимизда улар солярка бемалол бўлмаса-да, сотилиб турганини малум қилишди.

Тошкентда дизел танқислиги кузатилаётган бир пайтда, пойтахт ва Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида бензин муаммоси деярли ҳал бўлгани айтилмоқда.

Қибрайлик Ғофуржон акага кўра, март ойининг бошидан машинасига бензин қуйишда умуман муаммо бўлмаган.

- Ҳозир бензинлар бемалол бўлиб қолди. Зеромакснинг GazOil деган компанияси бўларди. Ҳозир улар ҳамма ëқларда очилиб, бензинлар бемалол, газлар бемалол бўлиб қолди. Учта заправка бор уйимиз атрофида. Икки-уч километр орасида. Қачон келсангиз, бензин бор,- дейди қибрайлик ҳайдовчи.

Тошкентдаги заправка эгаларидан бири, кейинги пайтда бензин тақчиллиги муаммосининг барҳам топганини Россия бензинининг Ўзбекистон бозорига кириб келиши билан изоҳлади.

- Россиянинг бензинини бизлар олмаймиз. А так келаëтганини бизлар ҳам эшитдик. GazOil деган компания борку. Улар олиб келишни бошлаган. Аввал олиб келиб туриб, кейин тўхтаб қолганди. Эшитишим бўйича, ҳозир яна Россиядан бензин олиб келишаяпти,- деди АЁҚШ хўжайини.

Таҳлилчилар ўтган йилги бензин тақчиллигини Ўзбекистонда нефт қазиб олиш ва уни қайта ишлаш кўламининг кескин қисқаргани ҳамда Россия ва Қозоғистондан бензин олиб келиш монополиясига эга экани айтилган "UzGazOil" ширкатининг муаммога дуч келгани билан изоҳлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг май ойида "UzGazOil" корхонаси эгаси ҳисобланган ва президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнорага тегишли экани айтилган "Зеромакс" конгломерати ёпилган эди.

Ўтган йили Ўзбекистоннинг кўпгина вилоятларида бензин тақчиллиги кузатилган ва қўлда 1 литр бензин нархи 3 минг сўмдан ошиб кетган эди.