Ўзбек чернобилчилари: хотира ва бугунги ҳаёт

Инсоният тарихида энг мудҳиш атом фожиаси, дея аталган Чернобил ҳалокатига бугун 25 йил тўлди.


Чернобил фожиасига 25 йил тўлди

1986 йил Украинадаги Чернобил атом заводида рўй берган портлаш оқибатида тарқалган радиацион булут Украина ва Беларусдан ташқари Европанинг бир неча мамлакатларига етиб борган эди.

Совет ҳукумати дастлаб Чернобил фожиаси ҳақиқий кўламини яширишга уринди. Бироқ орадан икки кун ўтиб, аҳоли эвакувацияси эълон қилинди ва 330 минг одам бошқа жойларга кўчирилди.

БМТ берган маълумотларга кўра, Чернобил фожиаси оқибатида тахминан 4 минг одам ҳалок бўлган.

Чернобил оқибатларини бартараф этиш учун турли давлатлардан жами ярим миллион киши сафарбар қилинган эди.

Чернобилчилар хотирасига Москвада ўрнатилган ёдгорлик. (Расм "chernobyl.info" сайтидан олинди)
Чернобил ҳалокати оқибатларини тугатишда 10 мингга яқин ўзбекистонлик иштирок этган. Улар орасида 50-60 нафар аёл ҳам бўлган.

Аксари мажбурий равишда бу ишларга олиб кетилган ўзбек чернобилчиларидан бугунги кунда 7,5 минг киши қолди. Уларнинг ҳам ҳаммаси ногирон.

Ўтган ойда Япониядаги табиий офат оқибатида Фукусимадаги атом заводида рўй берган ҳалокат Чернобил фожиасини яна дунё аҳли ёдига солди.

Ўзбек чернобилчилари Фукусимадаги бўҳрондан ташвишда

11 апрел куни Япония ҳукумати Фукусима Дайичи атом электр станциясидаги ҳалокат хавфлилиги даражасини халқаро ўлчов бўйича энг юқори бўлган еттинчи даражага кўтарди. Бу билан Фукусимадаги бўҳрон Чернобил атом станциясида юз берган фожиага тенглашди.

Чорак аср аввалги воқеаларини ўз таналарида синаган кўплаб ўзбекларни бугун Фукусимада рўй бераётган бўҳрон ташвишлантирмоқда.

Ўша пайтда Совет армиясида хизмат қилаётган жиззахлик Ҳошимжон Баҳромов ҳам Чернобилга сафарбар қилинган эди.

Бундан 25 йил аввал, атом кашф этилганидан кейин энг йирик ядровий ҳалокат деб аталган Чернобил фожиасини ўз кўзи билан кўрган ва оқибатда бугунга келиб ногиронлар сафида бўлган Ҳошимжон Баҳромов Фукусимадаги бўҳроннинг оқибатлари кутилганидан ҳам даҳшатли бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

- Япониядаги фожиа жуда ҳам мудҳиш, экология учун, ер юзидаги инсоният учун ҳақиқатан ваҳимали, мудҳиш воқеа. Чунки атом станцияларининг фожиалари бу халқаро фожиа. Физика ҳодисаларини яхши билмасмиз, аммо алфа, бетта, гамма нурларининг таъсир даражасининг ëмонлигини биламан. Уларнинг салбий таъсири оқибатида турли хил касалликлар келиб чиқади. Одам бурунидан қон кетиши, шол, мажруҳга айланади. 100 йиллар давомида фожеа рўй берган жой яқинида ўсимликлар ўсмаслигини аниқ биламан,- дейди Ҳошимжон Баҳромов.

Чернобил иштирокчиларидан бири, иккинчи гуруҳ ногирони, тошкентлик Абдумалик Турсунов Фукусимадаги бўҳронни эшитиб ваҳимага тушганини айтиб, японияликларга ҳамдардлик билдиради.

- Ана телевизорда, Ахборотларда кўраяпмиз. Япониядаги воқеаларни. Яхши иш бўлмади энди ўша ердаги аҳолига ҳам. Фукусимадаги аҳвол жуда ташвишли. Ўша аҳолига жабр бўлаяпти. Бечораларга Худо сабр берсин. Оëққа туриб олиш қийин бўлади энди ўша ердаги халққа ҳам, ҳаммасига ҳам. Биз чернобилчилар номидан японияликларга ҳамдардлик билдирамиз,- дейди Абдумалик Турсунов.

“Тақиқланган хотиралар”

Фукусимадаги бўҳрон ҳақидаги хабар чернобилчиларнинг оғриқли хотира қатларини бир-бир варақлади.

Чернобилчилар хотираларни ошкор қилмаслик ва у ҳақида гапириш тақиқланган пайтларни эсга олар экан, Фукусимадаги фожиа кўлами ва оқибатлари ҳақидаги маълумотларни оммадан яширмаслик муҳимлигига эътибор қаратади.

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Чернобилчи ногиронлар уюшмаси раиси Ҳошимжон Баҳромов 25 йил аввал Чернобил фожиасининг халқдан сир тутилгани натижасида юз минглаб одамнинг умри зомин бўлди, дейди.

Чернобил ҳалокати оқибатларини бартараф қилгани сафарбар қилинган йигитлар (Расм "chernobyl.info" сайтидан олинди)
- Бомба портлаган эдику Хиросимада. Чернобил фожиаси ўша атом бомбанинг кучидан 300 баробар зиëд бўлган. Ўша пайтда кўп нарса яширилган. Биз бўйнимизга доза облучения (нурланиш дозасини ўлчовчи аппарат) осиб юрганмиз. Кунлик ва ойлик доза облучения бўларди. Буни текширувчилар “ҳақиқий дозани анча кам қилиб ёзишга мажбурмиз” дейишарди. Ўзимизнинг кўзимизнинг олдимизда доза ошган тақдирда ҳам, кам қўйиб юборишган. Буни зарарини қайтиб келгандан кейин билдик. Агар нурланиш дозаси кўп қўйилса, инсон ҳуқуқларимиз поймол бўлиб бизнинг соғлиғимизга салбий ва жиддий зарар етказганлиги учун қонун олдида жавобгарлик белгиланган экан. Ўша воқеадан кейин бизлардан 20 йилга подписка олган эди, “давлат сирини ошкор қилмайман” деган мазмунда,- дейди Ҳошимжон Баҳрамов.

Тошкентлик 61 ёшли Абдумалик Турсунов Чернобил ҳалокати оқибатларини тугатишга мажбуран олиб кетилганини ёдга олади.

Совет армияси акарлари қаторида ўзбек йигитлари ҳам Чернобилга олиб кетилди. (Расм chernobyl.info сайтидан олинди.)
- Бизларга Чернобил демаганда. Бизларни уйдан ҳудди бировни ўлдириб қўйганимдай, машинага босиб олиб кетаверган. Боргандан кейин билдик. Кечаси учда олиб кетиб қолган. Ойим додлайди “Нима қилгансанлар? Бировни ўлдириб келганмисан, уриб келганмисан?” дейди. Қулоқ солмадида ўшанда. Военкоматдан келиб, поездга уриб олиб кетаверган. Қанча-қанча одамлар борган. Борганларнинг ҳозир нечтаси ўтиб кетди. Бири рак бўлаяпти, бири у бўлаяпти. Битта мени эмас қанча одамни додлатиб, олиб кетган. Ҳозир кўраман атрофда борганлардан нечтаси ўлиб кетди. Бундай эсласак, биров билади, биров билмайдию, ўшандан кейин унча соғлиқлар бўлмади. Энди ҳукумат яхшироқ эътибор берса деймизда. Бошқа ҳеч нарса керак эмас,- дейди Абдумалик Турсунов.

Тошкентлик 53 ёшли Муҳаммаджон Абдуллаев ҳам Чернобил оқибатларини тугатишга мажбуран олиб кетилган, лекин Чернобилда икки кун ишлагандан кейин ишлашдан бош тортиб қайтиб келган.

Муҳаммаджон ака касби қурувчи бўлгани боис, уни “Москвадаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасини қуриш ишларида ишлайсан”, деб алдаб олиб кетишгани эслайди.

Ҳалокат оқибатларини тугатиш қатнашчиларидан асл вазият сир тутилган. (Расм chernobyl.info сайтидан олинди.)

- Чернобил атом станциясидан 30 километр берида хизмат қилганмиз. Зарари ҳақида бизга умуман гапиришмаган. Ëмғир ëққан пайтда “казармадан чиқмайсанлар” деган холос. Шамол бўлиб ердан чанг-тўзон кўтарилган пайтда ердан радиация нурлари кўтарилади. Буни ҳеч ким сезмайди. У нарсани ўша пайтда билмадик. Кейин билиб қолдик. Икки кун ишлаб, учинчи куни ишламайман деб қайтиб келдим,- дейди Муҳаммаджон Абдуллаев.


Ногирон ва мажруҳ жонлар

Муҳаммаджон Абдуллаев Чернобил хавфини билгач, икки кун ишлаб қайтиб келишга муваффақ бўлди. Лекин Муҳаммаджон ака барибир Чернобил фожеасининг оқибатларидан қочиб қутула олмади. У кейинчалик туғилган бир фарзанди оламдан ўтганини айтиб, ҳозир ўн саккизга кирган қизининг соғлигидан ҳам хавотирда.

Чернобил фалокатининг оқибатлари орадан 25 йил ўтиб ҳам ўз таъсирини йўқотмади. Минглаб одамлар нурланиш оқибатида орттирган касаллик асоратларини ҳамон бошидан кечирмоқда ёки бевақт оламдан ўтмоқда, фарзандлари ҳам ногирон бўлиб туғилмоқда.

Абдумалик Турсунов Чернобилга олиб кетишганида уч фарзанднинг отаси эди. Чернобилдан қайтиб келгач бошқа фарзанд кўра олмаганини айтиб, оғир ҳўрсиниб қўяди у.

Бугунги кунда Абдумалик Турсунов қон босими ва қанд касаллиги билан оғримоқда.

- Маза йўқ. Сахар бўлиб қолганман. Соғлиғим яхши эмас. Мана ҳозир мен юраману, унақа ҳеч нарсага ярамайман. Докторга бораман, келаман, ëтаман. Ëтавераманда. Соғлиқ яхшимас. Бир йилча бўлди инсулинга ўтирганман. Сахарим тушмаяптида. Болницада ëтаман 5-10 кун. Барибир унчалик яхшимас. Дори-дармонни поликлиникадан ҳам беради. Мисол учун гоҳида йўқ деса, ўзим сотиб оламан пенсия олганларда. Мана шуларга эътибор беришса, бизнинг истагимиз шу. Нима бўларди бошқа? Энди ëшимиз ҳам ўтиб қолаяпти. Бизга яхшироқ эътибор беришса деган мақсад бизларники. Бошқа ҳеч бир талабимиз йўқ. Ҳозир Алайскийдаги 2-поликлиникага борамиз. Бир йилда битта болницага ëтиб чиқамиз. Шу холос,- дейди Абдумалик Турсунов.

Бекор қилинган имтиёзлар

Абдумалик Турсуновга кўра, қўшимча моддий ёрдам берилса, ўзи сингари “ярим жон” бўлиб қолган чернобилчиларга яхши бўларди.

Кейинги йилларда чернобилчиларга бериладиган бир қанча ижтимоий ёрдамлар чекланди.

Чернобилчилар бугун давлат томонидан уларга етарли эътибор йўқлиги ва улар ҳукуматнинг ғамхўрлигига муҳтожлигини айтадилар.

Муҳаммаджон Абдуллаев чернобилчиларга берилган имтиёзлар жуда камлигини айтади.

- Имтиëзлар энди ҳозир тўғрисини айтсам бешинчи-олтинчи йил кетаяпти олиб ташлаган. Самолëтга бир йилда бир марта берадиган талони бор. Медиина тарафдан ëрдам бор. Транспорт бор. Йўлкира текин. Бошқа ҳеч нарса йўқ,- дейди Муҳаммаджон Абдуллаев.

Чернобилчилар бугун ўзларига арзимаган имтиёзлар берилаётгани, бу имтёзлар ҳеч бўлмаганда фарзандларига ҳам берилиши мақсадга мувофиқ бўлишини айтади.

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Чернобилчи ногиронлар уюшмаси раиси Ҳошимжон Баҳрамов гапиради.

- Ҳозир имкониятлар яратиб қўйибди. Жиззах вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ëрдам бериб туради. Ҳар йили давлат дастурига кўра уларнинг даволаш профилактика муассасаларига йўлланмалар бериб туришибди. Жиззах вилояти Соғлом авлод жамғармаси орқали керакли биринчи ëрдам, дори-дармонларни бериб туришади. Масалан 2007 йил 2 майда 96-сонли Ўзбекистон республикаси президентининг ҳомийлик тўғрисидаги қонунлари кенг жорий этилган ва у қонунлардан фойдаланиб кўп ëрдамлар олиб келмоқдамиз,- дейди Ҳошимжон Баҳромов.

Бироқ, дейди у, бу имтиёзлар етарли эмас.

Ҳошимжон ака қўл қовуштириб, ҳукуматдан ёрдам кутишдан кўра ўзи ҳаракат қилишни маъқул топган. Йил бошида у Ғаллаорол тумани Чернобилчи ногиронлар уюшмаси қошида шўъба корхонаси ташкил этиб, 22 гектар ер олди. Эндиликда ушбу ерда боғдорчилик ишларини йўлга қўйиб, ундан келадиган даромадни Ғаллаоролдаги чернобилчилар ва уларнинг оилалари иқтисодий аҳволини яхшилашга сарфлашни режалаштираяпти.

Дунёда АЭСларга қизиқиш ортмоқда

Орадан чорак аср вақт ўтиб, Чернобил АЭСи атрофидаги 30 километрли худуддан ҳали ҳам радиация таҳдиди кетмаган.

Атрофдаги қишлоқлар ҳануз бўм-бўш, яшашга яроқсиз. Бироқ Чернобил атрофидаги қишлоқларда ҳаёт уйғонмоқда, айримлар ўз уйларига қайтмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Чернобилдаги портлашга 25 йил бўлди



Украина расмийлари ядровий бўҳрондан чорак аср ўтиб, Чернобилдан туризм учун фойдаланиш қарорига ҳам келишди.

Чернобил АЭСидаги реакторлар технологияси 1950-йилларда ишлаб чиқилган бўлиб, собиқ иттифоқ ядровий саноатининг намунавий лойиҳаси ўлароқ, кўз-кўз қилинган эди.

Бугунги кунда Россияда 11та АЭСда 32та атом реактори ишлаб турибди. Айни пайтда Россия Литва чегарасидан 20 километр масофада янги АЭС қуришни режалаштирган.

Шунингдек, Туркия, Иордания сингари дунёдаги бир қанча давлатлар ҳам ўз атом электро-станцияларига эга бўлиш ҳаракатида.

Атроф-муҳит ҳимоячиси, россиялик олим Алексей Яблоков Озодлик билан суҳбатда сўнгги йилларда хавфсизлик технологияси анча ривожланганига қарамай, атом электр станцияларининг ўта хатарли бўлиб қолаётганини айтади.

- Албатта, ҳозирги атом станциялари Чернобилга нисбатан анча хавфсиз. Аммо улар ҳам барибир жуда хатарли. Атом станциялари электр қуввати берадиган атом бомбаларидир. Ҳар қандай атом станцияси ҳам портлаб кетиб Чернобил каби ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу эса миллионлаб одам учун фожиа бўлади,- дейди россиялик олим.

Бугунги кунда дунёдаги ўттиздан зиёд давлатда 440дан ортиқ реакторлар ишлаяпти. Энг кўп атом реакторларига эга давлатлар рўйхатига АҚШ (104), Франция (59), Япония (59), Буюк Биритания (35) ва Россия (32) киради.