АЭХА: Эрон инспекторларнинг ядро объектларига киришига тўсқинлик қилмоқда

Эрон давлат телевидениеси орқали 2018 йил 6 июнида намойиш қилинган уранни бойитиш центрифугалари

Эрон ўз ядро дастури билан боғлиқ айрим лаборатория ва корхоналарга халқаро инспекторлар киришига, шунингдек бир неча объектда аниқланган радиофаол зарралар изларига оид маълумотларни текширишга тўсқинлик қилмоқда.

Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг (АЭХА) аъзо мамлакатларга тақдим этилган махфий ҳисоботларида шу ҳақда сўз боради. Ташкилот Ғарб давлатларини Эронга танбеҳ беришга чақирган.

Оммавий ахборот воситалари қўлга киритган маълумотга мувофиқ, АЭХА Эронни агентлик мутахассисларининг ядро объектларига ўрнатилган видеокамералар маълумотларини олишига йўл бермаётгани учун танқид қилган. Теҳрон мунтазам тафтишларни тўхтатиб қўйганидан сўнг камералар ядро лабораторияларини кузатишнинг ягона воситаси бўлиб қолганди. Бироқ бу камералар техник ёрдамга муҳтож.

Ҳисоботга кўра, ядровий центрифугалар йиғиладиган марказдаги тўрт камерадан бири йўқ қилинган, бошқа камера ёзган маълумотлар эса ўчириб ташланган. АЭХА директори Рафаэль Горосси видеокамераларсиз унинг ташкилоти Эрон ядро дастурини таҳлил қилишда тусмоллаб иш кўришга мажбур бўлишини айтган.

Иккинчи ҳисоботда Эрон бир неча объектда радиофаол зарралар аниқланганига оид маълумотларни тақдим этишдан бош тортгани ҳақида сўз боради. АЭХА ўша зарралар уранни бойитиш ишлари натижаси бўлиши мумкинлигидан ташвиш билдирган.

Агентлик хулосасига кўра, Эрон ихтиёрида 60 фоизга бойитилган 10 кг уран мавжуд. Ядро қуролини яратиш учун 90 фоизгача бойитилган уран керак бўлади.

АЭХА ҳисоботлари 2015 йилда имзоланган Эрон ядровий дастурини тўхтатиш ҳақидаги шартноманинг муҳим қоидалари Теҳрон томонидан бузилаётганини тасдиқлайди.