Афғонистон шарқидаги Нангарҳор вилоятида амалга оширилган худкуш ҳужумида камида 36 одам қурбон бўлган. Афғонистон расмийларининг билдиришича, ҳужумчи Рамазон ойи якунида Толиблар вакиллари ҳамда ҳукумат кучлари ўтказаётган йиғин пайтида ўзини портлатиб юборган. 16 июнда амалга оширилган ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” жангари гуруҳи ўз бўйнига олди.
Ҳужум Афғонистон президенти Ашраф Ғани толиблар билан ўт очишни тўхатиш келишуви узайтирилишини эълон қилаётган пайтда содир бўлди.
Нангарҳор вилояти расмийларига кўра, ҳужумда ўқ отишни тўхтатиш келишувини нишонлаётган оддий фуқаролар ҳамда Афғон толиблари аъзолари ўлган.
Жароҳатланганлар сони 65 кишига яқин экани, айримларининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.
“Ислом давлати” гуруҳига алоқадор Amaq хабар агентлиги экстермистик гуруҳ ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олганини хабар қилди. Нангарҳор вилояти Афғонистондаги “Ислом давлати” жангариларининг асосий қароргоҳи бўлиб қолмоқда.
Аввалроқ Толиблар Ҳайит муносабати билан уч кунга ўқ отиш тўхтатилишини эълон қилган эди.
Президент Ғани 16 июнь куни телевидение орқали эфирга узатилган мурожаатида Толиблар билан эришилган оташкесим узайтирилишини, Толиблар эса илгари сурган талабларни муҳокама қилишга тайёр эканини айтди.
Ҳукумат ўқ отиш 12 июндан 19 июнгача тўхтатилганини эълон қилган ва президент Ғани Толибларни уч кунлик оташкесимни узайтиришга чорлаганди.
Президент Twitter тармоғидаги чиқишида, жумладан: "Ўқ отиш тўхатилган пайтда жароҳат олган толибларга тиббий ёдам кўрсатамиз, лозим бўлса, гуманитар ёрдам ҳам кўрсатамиз", деб ёзди.
АҚШ давлат котиби Майк Помпео президент Ғани гапларини қўллаб-қувватлади.
- Қўшма Штатлар бу урушни бутунлай тўхташига олиб келувчи тинчлик битими ҳамда сиёсий келишувга эришиш учун Афғонистон ҳукумати, толиблар ва бутун Афғонистон халқи билан ишлашга тайёр, - деди котиб.
БМТнинг Афғонистондаги ёрдам миссияси (UNAMA) ҳам 16 июнь куни Афғонистон ҳукумати ҳамда Толиблар оташкесим шартларини бузмаганини олқишлади.
Миссия етакчиси Тадамичи Ямамото ўқ отишни тўхтатиш муддатини узайтириш можарога ечим топишга йўл очишини айтди.
16 июнь куни Толиблар Ҳайитни нишонлаш учун Қобулга борди.
Хабар сайтларида ҳамда ижтимоий тармоқларда ҳукумат аскарлари ҳамда Толиблар бир-бири билан кўришиб, қучоқлашаётгани ҳамда бирга суратга тушаётгани акс этган сурат ва видеолар тарқалди.
Афғонистон Мудофаа вазири матбуот котиби Озодлик билан суҳбатда мамлакат хавфсизлик кучлари ҳамда Толиблар Ғазни, Фараҳ ва бошқа вилоятларда бир-бирини ҳайит билан табриклаганини айтди.
Афғонистон фуқаролари ҳукуматни ва Толибларни кутилмаганда эълон қилинган оташкесимни узайтиришга чорламоқда.
Ўтган йилда АҚШ президент Дональд Трамп Толибларга қарши кескин курашиш чораларини маъқуллаганидан кейин бошланган амалиётларга қарамасдан, Афғонистондаги бир неча йирик ҳудуд Толиблар бошқарувида қолмоқда.