Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманидан Озодликка мурожаат қилганларнинг айтишича, аҳоли чорваси сувсизликдан турли касалликларга чалиняпти, тўқайларда сув излаб ботқоққа ботиб, нобуд бўляпти.
Ҳафтасига икки кун бир соатдан қувур орқали ичимлик сув оладиган аҳоли, чорвасига сув етказа олмаяпти.
Туман ҳокими ўринбосари бу вазиятдан хабардор эканлиги ва аҳолининг чорвасини сув билан таъминлаш учун ҳаракат қилаётганини айтди.
Кегейли туман марказидан 45 километр узоқликда жойлашган Бўзатов қишлоғидан Озодликка мурожаат қилган чорвадорнинг айтишича, қишлоқни сув билан таъминлаб келган ариқ қуриб қолган:
“Бизнинг тирикчилигимиз шу чорва ортидан. Кимнидир бешта, кимнидир ўнта моли бор. Қишлоқдан 5-6 километр узоқликдаги тўқайга чорвани олиб бориб боқиб келамиз. Ўтган йил бизга келадиган ариқдаги сув бир ҳафта келса, бир ҳафта қуриб қоладиган бўлди. Чорвани суғоролмай қолдик. Кейин халқ йиғилиб, мол тўпланадиган жойга битта качалка қурдирдик. Ҳар куни эрталаб, ўша жойда молларни суғориб, далага ҳайдаймиз. Кечқурун пода қайтганда эса качалканинг суви пастга тушиб кетиб қуриб қолади. Моллар сувсиз қолмоқда”.
Унинг айтишича, қувур орқали келадиган ичимлик суви оила эҳтиёжига зўрға етади:
“Ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари қувурдан сув оқади. Ичишга, ювинишга, кир-пирга олиб қўямиз. Кўпроқ олишимиз ҳам мумкину, лекин бир соатда ўчади. Молларга сув етказолмаяпмиз. Ўтган йили май ойидаги туз ёмғиридан кейин кўп мол касал бўлди, нобуд бўлди. Ҳозир эса сувсизликдан яна ориқлаб, касал бўлиб қоляпти”.
Аспантай қишлоғида яшайдиган, уйида ўн икки бош қорамоли бор одамнинг айтишича, айрим моллар сув излаб ботқоққа ботиб нобуд бўлмоқда:
“Қишлоғимиздан икки одамнинг моли ботқоққа ботиб қолиб ўлди. Шўрлик моллар сув излаб қамишзорга кириб кетиб, ботқоқдан чиқолмай ўлиб қолган. Қишлоқларимизга сув олиб келадиган Эркин канали қуриб ётибди. Халқ жуда ҳам қийналиб қолди. Уларнинг бирдан-бир тирикчилиги шу чорваси. Бошқа даромад йўқ. Авваллари ариқларимизда доим сув турарди, бир йилдан буён эса гоҳ бор, гоҳ йўқ”.
Кегейли туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Боймурод Ҳайитназаров, узоқ қишлоқ аҳолисининг сув таъминотида муаммолар борлигини тасдиқлади:
“Тўғри, ўтган йил ва ҳозир сув танқис бўлиб қолди. Биз Амударёдан Дўстлик канали орқали сув оламиз. Қишлоқлардаги вазиятдан яхши хабарим бор. Дарёда сув оз, ўтган йили кузда шўр ювиш учун каналга сув олган эдик. Мана, бугун, сиз телефон қилиб турганингизда яна сув олдик. Тўғри, халқнинг муаммосини биринчи ўринда ҳал қилиш керак. У қишлоқларга сув боради ва сувнинг доим бўлишини таъминлашга ҳаракат қиламиз”.
Қорақалпоғистонликларнинг айтишларича, бу ҳудудда ичимлик сув доимо муаммо бўлиб келган.
Президент қарори билан қабул қилинган “Обод қишлоқ - 2019” дастури бўйича республикадаги 479та қишлоқда ободонлаштириш ишлари олиб борилиши айтилган.
Қарорда, шунингдек, ичимлик суви таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 2 минг 219 километр янги тармоқ ҳамда 221 та сув иншооти қурилади, 729 километр тармоқлар ҳамда 163 та сув иншоотлари реконструкция қилинажаги айтилган.
Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятининг бир қатор туманларига 2018 йилнинг 26-27 май кунлари ёққан қум-туз ёмғири, барча экинзор ва дарахтларни оппоқ туз қатлами билан қоплаб, одамлар ва чорва орасида бир қанча касалликлар тарқлишига сабаб бўлган эди.