Европа Иттифоқи унинг аъзоси бўлмаган Европанинг икки кичик давлати — Сан-Марино ҳамда Ватикан билан коронавирус инфекциясига қарши эмлов сертикатларини ўзаро тан олиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Brussels Times нашри Еврокомиссия хабарномасига таянган ҳолда хабар қилди.
Чор тарафдан Италия ҳудудлари билан қуршалган кичик республика — Сан-Маринода айни пайтда 23 минг киши тўлиқ эмланган бўлиб, бу аҳолининг қарийб 70 фоизини ташкил қилади. Сан-Маринода қўлланадиган вакциналардан бири бу Россиянинг “Спутник V” препаратидир.
Сан-Маринода берилган эмлов сертификатлари ЕИда тан олиниши ҳақидаги хабар Россия вакцинасининг “Twitter”даги расмий саҳифасида ҳам эълон қилинган.
ЕИнинг ўзида Россия вакцинасини қўллаш ҳозирча маъқулланган эмас. Бу масала кўрилмоқда, аввалроқ матбуот зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда муаммолар туғилгани ҳақида хабар берган эди. ЕИнинг икки мамлакати — Венгрия ва Словакияда вакцина Россиядан тўғридан-тўғри сотиб олиниб, эмловда қўлланилган.
Европанинг рақамли COVID-сертификати бу шахснинг эмлангани ёки коронавирусга тестдан ўтгани ва ё касалликни бошидан кечиргани тўғрисидаги маълумотлар қайд этиладиган ҳужжатдир. Сертификат Европа Иттифоқи бўйлаб сафар қилишни осонлаштириш мақсадида жорий қилинмоқда. Тўлиқ эмланганлар сафар чоғида карантин қилиш ёки тестдан ўтиш мажбуриятидан озод бўлади.
Апрель ойи охиридан бери Сан-Маринода коронавирус инфекциясидан ҳеч ким вафот этган эмас, пандемия бошидан бери эса мамлакатда жами 90 та ўлим ҳолати қайд этилган.