Қамоқ жазосини ўтаётган россиялик мухолифатчи Алексей Навальний Владимир вилоятидаги колониядан ўз ходимлари ва сафдошларига мактуб чиқарди. Қўлда ёзилган хат матни “Медуза” нашри томонидан эълон қилинди.
Сиёсатчи ўз тарафдорларини мақола ва суриштирувларни эълон қиларкан, бундан унга зарар етиши мумкинлиги ҳақида ўйламасликка чақирган. “Чоп қилаверинг. Дийдаси қаттиқ бўлинг. Ўнгу сўлга боқмасдан ишлайверинг. Биз одамларни гаровга олган террорчилар билан музокара олиб бормаймиз”, деб ёзган Навальний.
Мухолифатчи бўлиб ўтган сайловга ва, ўз таъбирича, “Единая Россия” партиясини “жонидан тўйдирган” “Ақлли овоз бериш” стратегиясига ҳам баҳо берган. Навальний “Ақлли овоз бериш”ни йўқ қилиш учун Россия ҳукумати барча имкониятларини ишга солганини ва “қарийб ниятига етган”ини тан олган. Бироқ, сиёсатчига кўра, бу Кремлга жуда қимматга тушади. Расмий статистикага кўра, сайловда “Ақлли овоз бериш” стратегияси тавсия қилган 15 нафар номзод депутатликка сайланган.
“Ривожланишдан умидимиз буткул кесилди. Энди на технологиялар бўлади, на ЯИМ ўсади, на даромадлар ошади, на таълим ва на тиббиёт бўлади. Деградация. Қолоқлик. Қимматчилик. Яқин йилларда сиёсий кун тартибимизда мана шулар бўлади”, деб ёзган Навальний.
Сиёсатчига кўра, унинг тарафдорлари ва сафдошлари “Ақлли овоз бериш” ёрдамида “катта шаҳарларнинг барча асосий округларида ҳокимият партиясини мағлуб этган”.
Навальний Леонид Волков, Иван Жданов, Любовь Соболь, Мария Певчих ва бошқаларга, шунча босимларга қарамай, жамоа инфратузилмасини сақлаб қолишгани учун раҳмат айтган. Шунингдек, у Россияни тарк этишга мажбур бўлган тарафдорларидан ўзларини “чет элдаги мухолифат” деб ўйламасликни ва мамлакат равнақи учун ишлашни илтимос қилган.