АҚШ Давлат департаменти Россия Украинага ҳужум қилиши эҳтимоли туфайли Қўшма Штатларнинг Киевдаги элчихонасида ишловчи ходимлар оилаларига мамлакатни тарк этиш ҳақида кўрсатма берди. Бу ҳақда Reuters агентлиги Давлат департаменти баёнотига таянган ҳолда хабар қилди. Ёлланма ходимларнинг бир қисмига мамлакатдан ихтиёрий равишда чиқиб кетишга рухсат этилган.
Шунингдек, Давлат департаменти Украина ҳудудида бўлиб турган америкаликларга тижорат рейслари билан мамлакатдан чиқиб кетиш ҳақида ўйлаб кўришни ва Россияга бормасликни тавсия қилган.
“Россия Украинага қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошлашни режалаётгани тўғрисида хабарлар бор. Хусусан, Украина чегараларида, Россия босиб олган Қримда ва Украинанинг Россия назоратидаги шарқий ҳудудларида хавфсизлик шароитини олдиндан тахминлаб бўлмайди ва аҳвол кутилмаганда ёмонлашиши мумкин”, дея АҚШ Давлат департаменти баёнотидан иқтибос келтирган Bloomberg.
Давлат департаменти вакили Россия Украина ҳудудига “исталган лаҳзада” бостириб кириши мумкинлиги ва у ҳолда Вашингтон ўз фуқароларини эвакуация қила олмаслигини айтган.
Аввалроқ Германиянинг Bild нашри расмий Берлин ҳам Украинадаги дипломатларини кўчириб кетишни режалаётганини маълум қилган эди, бироқ расмийлар бу маълумотни инкор этишмоқда.
Ўтган ҳафтада The New York Times газетаси Украина Хавфсизлик хизматининг юқори мартабали ходими сўзларига таянган ҳолда, Россиянинг икки консуллиги дипломатларига Украина ҳудудидан чиқиб кетишга ҳозирлик кўриш буюрилгани ҳақида хабар қилган. Россия ТИВ Киевдаги элчихонаси одатдаги тартибда ишлаётганини билдирган.
Россия ўтган йилнинг кузидан бери Украина билан чегараси яқинида катта ҳарбий куч тўплаётгани айтиляпти. Сўнгги ҳафталарда Ғарб мамлакатлари Россиянинг ушбу мамлакатга бостириб кириши реал хавфга айлангани ҳақида очиқ-ойдин гапиришмоқда.
Москва ҳужум режалаётганини инкор этиб келади. Ғарб мамлакатлари, Украинага бостириб кирган тақдирда, Россияга нисбатан “мисли кўрилмаган” санкциялар жорий этмоқчи.