АҚШ Молия вазирлиги Беларусга нисбатан янги санкцияларни жорий этди. Рўйхатда 12 та ширкат, 20 нафар жисмоний шахс, икки учоқ ва бир вертолёт қайд этилган. Санкциялар Беларуснинг ЕИ билан чегарасида давом этаётган миграция инқирози билан боғлиқдир.
Санкция қўлланган жисмоний шахслар орасида Александр Лукашенконинг ўртанча ўғли Дмитрий, Давлат чегара қўмитаси раиси Анатолий Лаппо, ички ишлар вазири ўринбосари Дмитрий Корзюк ҳамда парламент депутати Дмитрий Басковлар бор.
Шунингдек, АҚШ Беларусга тегишли қатор йирик ширкатлар, жумладан “Белтехэкспорт”, “Славкалий”, Беларусь калий ширкати, “Центркурорт”, Президент спорт клуби ҳамда “Трансавиаэкспорт”га қарши санкциялар жорий этган.
АҚШ Молия вазирлиги Беларусь давлат қарзига нисбатан ҳам санкциялар белгилаган. Эндиликда АҚШ фуқароларига сўндириш муддати 90 кундан ортиқ бўлган ва жорий йилнинг 2 декабридан кейин чиқарилган Беларусь давлат облигациялари билан амалиёт қилиш ман этилади.
АҚШдан аввалроқ Европа Иттифоқи расмий Минскка қарши санкцияларни тасдиқлаган. ЕИ санкцияларига дучор бўлганлар орасида 17 нафар жисмоний шахс ҳамда “Белавиа”, “Беларуснефть” дохил 11 та ширкат бор. Бу Европа Иттифоқининг Лукашенко режимига қарши ҳисоб бўйича бешинчи санкциялари туркумидир.
АҚШ ва ЕИнинг Беларусга қарши санкцияларини Канада ва Буюк Британия дастаклаб чиққан.