АҚШ расмийси Россия “исталган кун” бостириб кириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди

Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Қўшма Штатлар НАТО иттифоқчилари ҳудудига Россия билан уруш бошлаш ёки Украинада Россия билан урушга кириш учун қўшин юбормаётганини айтди.

Оқ уйнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Россия бир неча кун ёки ҳафта ичида Украинага бостириб кириши мумкинлигини айтиб, бироқ Москва Украина иниқирозини ҳал қилиш учун дипломатия йўлидан бориши эҳтимоли ҳам йўқ эмаслигини таъкидлади.

Салливаннинг бу баёноти 6 февраль куни Украина президенти маслаҳатчиси Россия билан кучайиб бораётган зиддиятни урушдан кўра дипломатия билан ҳал қилиш имконияти кўпроқ эканлигини таъкидлаганидан сўнг, қолаверса, Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба “қиёмат ҳақидаги башоратларга” ишонмаслик чақириқларидан сўнг янгради.

Салливан, “Fox News” телеканалига берган интервьюсида Польшага етиб борган АҚШ қўшинлари ҳақида ҳам тўхталди: “Биз барқарор бўлмаган вазият ёқасидамиз. Исталган пайт ёки бир-икки ҳафтадан кейин Россия Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларга кириши мумкин ёки аксинча дипломатия йўлини танлаши мумкин”, деди.

“Россия Украинанинг Донбас минтақасини аннексия қилиши, киберҳужумлар уюштириши ёки Украинага кенг кўламли ҳужум амалга ошириши мумкин”, деди у АBC телеканалига берган интервьюсида.

Владимир Зеленскийнинг маслаҳатчиси Михайло Подоляк ҳам ўз баёнотида Россия “руҳий босимда ушлаб туриш учун” мунтазам равишда кенг кўламли манёврлар ва қурол-яроғ жойлаштиришни амалга ошираётганини айтди.

“Бизнинг разведка хизматимиз ва қуролли кучларимиз учун Россиянинг бу феъли ажабланарли эмас”, деди у.

“Россиянинг бундай ҳаракатлари яна қанча давом этади ва бундан мақсад нима? Бу саволга аниқ жавобни фақат Кремль бериши мумкин”, дея қўшимча қилди у.

Дмитрий Кулеба 6 февралда қуйидагича баёнот билан чиқди: “Ҳаммада турлича режалар бор, лекин Украина воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёр. Бугун Украинада кучли армия, мисли кўрилмаган халқаро қўллаб-қувватлаш ва украин халқининг ўз мамлакатига ишончи бор”.

6 февраль куни АҚШнинг катта ҳарбий контингенти Польшага НАТОга аъзо давлат мудофаасини кучайтириш мақсадида етиб борди.

Ҳарбий бўлинма генерал-майори Крис Донахунинг таъкидлашича, ҳарбий кучлар Польша билан барча жабҳада шайликни, ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ва керак бўлса, НАТОнинг исталган қисмини ҳимоя қилиш учун етиб келган. “Шубҳасиз, бундай ноаниқлик даврида биз биргаликда кучлироқ бўламиз” қўшимча қилган у.

“Россиянинг ҳаракатлари босқинчилик режаси йўқлиги ҳақидаги даъволари ёлғон эканлигини кўрсатмоқда. Россиянинг Украинани вайрон қилиш ва таҳдид қилишга уринишлари жиддий экани аниқ”, деди Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс.

“Биз иттифоқчиларимиз биргаликда Украинани қўллаб-қувватлаймиз, агар Москва ҳамма учун ёмон йўлни танласа, бунинг бадали оғир бўлишини кўрсатиб қўямиз”, дея баён қилди у “Тwittеr”да.