АҚШ президенти Жо Байден 9 декабрь куни Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермакнинг маълум қилишича, суҳбат бир ярим соат давом этган, унда Байден асосан Россия президенти Путин билан шу ҳафтада ўтказган музокаралари ҳақида сўзлаб берган.
Ермакка кўра, Байден “Россия яна Украинага бостириб кирган тақдирда” АҚШ ва унинг ҳамкорлари мисли кўрилмаган санкциялар қўллашга тайёрлиги, Украинанинг НАТОга кириши фақат украин халқининг хоҳиш-иродасига боғлиқлигини билдирган. Шунингдек, Оқ уй раҳбари Украинага дахлдор ҳар қандай қарор Украина иштирокисиз қабул қилинмаслигини айтган, дея хабар қилди “Новое время” нашри.
Reuters агентлиги Байден ва Зеленский сўзлашуви Россия Украина ва унинг ғарблик иттифоқчиларига нисбатан душманона муносабатни кучайтираётгани манзарасида кечганини урғулаб, айни вазиятни “совуқ уруш”нинг энг хатарли палласига тенглаштирган.
Reuters бунда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябковнинг 9 декабрдаги баёнотини назарда тутган бўлиши мумкин. Рябков, агар Россия ва АҚШ НАТОнинг шарққа томон кенгайиши масаласида тил топиша олмаса, улар ўртасидаги муносабатларда Кариб инқирози такрорланиши мумкинлигини айтган эди.
Жо Байден 7 декабрь куни Владимир Путин билан видеоалоқа орқали икки соат музокара ўтказган эди. Суҳбат чоғида, жумладан, Россиянинг Украинага эҳтимолий агрессияси масаласи ҳам кўтарилган. Оқ уй раҳбарига кўра, у Украинага қарши амалиёт бошлаган тақдирда, Россия илгари бўлмаган иқтисодий оқибатларга дучор бўлишини Путинга очиқ-ойдин англатган. Ва, Байден таъкидича, Путин “бу муждани қабул қилган”ига унинг ишончи комил.
Путин билан суҳбатини шарҳлар экан, Байден Қўшма Штатлар ўз ҳарбийларини Украинага юборишни режаламаётгани, чунки ушбу мамлакат НАТОга аъзо эмаслигини айтган. Бироқ Вашингтон, зарурат туғилган тақдирда, Украинанинг мудофаа имкониятларини оширишга тайёр.