“Аросатда”. АҚШ Тожикистонга қочиб келган афғон учувчиларини ташлаб қўйдими?

Озодлик радиоси Тожикистондаги ўнлаб афғон учувчилари истиқомат қилаётган бинога киришга рухсат олди. Бу учувчилар Ғарб қўлловидаги афғон ҳукумати қулаб, пойтахт Кобулда Толибон назорати ўрнатилган 15 август куни Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларига оид учоқларда Тожикистонга учиб келган. Ўшандан бери улар ташқи дунё билан деярли алоқа қила олишгани йўқ.

Душанбе шаҳридан ташқаридаги дам олиш зонасида, чорбоғ ва меҳмонхоналар орасида – баланд дарахтлар ва панжара билан қуршалган замонавий кўринишли қўшқават бино бор.

Пойтахт яқинидаги ушбу бино давлат санаторийси бўлиб, юқори мартабали тожик мулозимлар дам олиш кунларини ва таътилларини шу ерда ўтказади.

1 сентябрдан бери санаторийда толиблар ҳокимият тепасига келганидан сўнг Афғонистондан қочган ўнлаб учувчилар ва уларнинг оилалари яшаб турибди. Улар орасида АҚШ ҳарбийлари қўлида таълим олган учувчилар, авиадиспетчерлар ва инженерлар бор.

Жами 143 нафар афғон 15 август куни кечқурун – Ғарб дастаклаётган Афғонистон ҳукумати ағдарилиб, Кобулни толиблар ишғол этганидан бир неча соат ўтгач, Тожикистон жанубидаги Бохтар аэропортига қўнган эди.

Улар ҳозир аросатда қолишган. Учувчилар Қўшма Штатлар ҳукумати уларни Тожикистондан олиб чиқиб кетишига умид қилишганди. Аммо эвакуация бир неча марта қолдирилди, тожик мулозимлари эса бирор сабаб кўрсатгани ҳам йўқ.

Озодлик билан исмлари сир қолиши шарти билан сўзлашган учувчилар 17 та ҳарбий учоқ бортида Афғонистоннинг шимолий чегарасини кесиб ўтиб, Тожикистонга келишганини маълум қилишди. Учоқлардан 11 таси Cessna 208, учтаси AC-208 ва яна учтаси Pilatus PC-12 русумли бўлиб, барчаси Афғонистон ҲҲКга тегишли.

Санаторийга жойлаштирилган афғонлардан айримлари Озодлик мухбирига Тожикистонга келганларидан бери ташқи дунёдан қарийб узилиб қолишганини, ҳатто Афғонистонда қолган оила аъзолари билан сўзлаша олишмаганини айтишган. Уларга кўра, тожик расмийлари уларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари, мобил телефонлари ва “шахсий қурол”ларини олиб қўйган.

Афғонлар мамлакат жанубидаги Бохтар шаҳрига келиб тушганларидан сўнг икки ҳафта ўша ердаги талабалар ётоқхонасида яшабдилар. Сўнгра уларни Душанбе яқинидаги санаторийга кўчиришган.

Ҳарбий учувчилар (улардан икки нафари аёл) Тожикистонда қолишни хоҳламасликларини ва АҚШга кўчишга умид қилишаётганини айтишади.

Аммо, билдиришларича, Тожикистонга келганларидан сўнг америкаликлар улар билан алоқага чиқмаган.

Бироқ 7 октябрь куни Давлат департаментининг расмий вакили Озодликка АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси ходимлари афғонлар яшаб турган санаторийга боришганини маълум қилди.

Вакилнинг сўзларига кўра, Давлат департаменти тожик ҳукумати билан “доимий алоқада” бўлиб турибди.

Озодликнинг “АҚШ расмийлари ушбу афғонлар билан боғлиқ вазиятни тожик ҳукумати билан муҳокама қилдими, йўқми?” деган саволига жавобан вакил америкаликлар Тожикистон ҳукумати билан “мунтазам мулоқотда” эканини, хусусан, мамлакатдаги афғон ҲҲК учувчилари муаммоси бўйича “ҳаракатларни мувофиқлаштиришни” муҳокама қилаётганини айтди.

БИТТА ХОНАДА ЕТТИ КИШИГАЧА

Афғонлар мавҳумлик ичида яшаётганларидан шикоят қилмоқда. Умидсизлик кучайиб боряпти. Оғир аҳволда қолишганидан “бутун дунё воқиф бўлишини” истайдилар.

Эркаклар хоналарда жуда сиқилишиб қолганларини, ювиниш учун шароит етарли эмаслигини, тиббий ёрдам олиш имкони чекланганини сўзлаб беришди. Айтишларича, уларни нуқул “қовоқ ва карам билан” боқишмоқда.

“Бу жой бизга сира тўғри келмайди. Ейиш-ичишнинг тайини йўқ. Берган овқатларини ҳеч ким емайди. Ўзимиз салат тайёрлаб еб, қоринни алдаяпмиз”, дейди учувчилардан бири.

Яна бир учувчи санаторийнинг битта хонасида етти нафаргача одам яшаётганини айтади.

“Хоналар совуқ. Кўпчилигимиз юпунмиз. Шошилинчда қалин кийим-кечакларимизни ва бошқа зарур буюмларни олмаганмиз. Кобулдан зудлик билан қочишга мажбур бўлган эдик”, дейди у.

Тожик маъмурлари санаторийга тиббиёт ходимларини жўнатишди.

Учувчилардан бири – ҳомиласи тўққизинчи ойга ўтган 27 яшар аёл санаторийда аёл шифокорлар йўқлигини, энг яқин касалхонага бориш учун эса машинада бир соат йўл босиш кераклигини айтди.

6 октябрь куни ушбу учувчи аёл туғруқхонага етказилди. 7 октябрь куни эса шифохона ходимлари Озодликка у “барча зарур тиббий кўриклардан ўтган”ини ва “қониқарли аҳволда” эканини маълум қилишди.

Тиббиёт муассасаси маъмурияти ходимига кўра, келаси ойда аёлнинг кўзи ёрийди ва у ўшангача касалхонада қолади. ОАВ билан мулоқот қилиш ваколати бўлмагани сабабли у Озодлик мухбирига исми тилга олинмаслиги шарти билан маълумот берган.

Тожик расмийлари санаторийда барча шароит яратилганини иддао қилмоқда.

“Учувчиларни ўзимизда мавжуд энг яхши жойга жойлаштириб, тегишли шарт-шароитни яратиб бердик, уларни озиқ-овқатдан тортиб дори-дармонгача – барча зарур нарсалар билан таъминлаб келяпмиз”, деди Озодликка Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Нусратулло Маҳмудзода.

“БАРЧА АФВ ЭТИЛГАН”МИ?

Кобул толиблар томонидан забт этилаётган пайтда афғон учувчиларидан бир гуруҳи Ўзбекистонга қочиб ўтганди. Улар ҳукумат кучларига қарашли ўнлаб ҳарбий учоқларда боришган. Кейин эса улар Термиздан Бирлашган Араб Амирликларига жўнатиб юборилган.

Толибон бошлиқ янги ҳукумат Тожикистон ва Ўзбекистондан учувчиларни ва ҳарбий учоқларни Афғонистонга қайтаришни талаб қилди. Шунингдек, учувчиларга мурожаат қилиб, уларни мамлакатга қайтишга ва ватанга хизмат қилишга чақирди.

Толибон расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Тожикистонга қочиб кетган афғон учувчилари уйларига қайтган тақдирда, уларни ҳеч ким жазоламаслигини ва таъқиб этмаслигини билдирди.

“Бизга қарши урушган барчани ёппасига афв этдик. Толибон тарафидан ҳеч кимга хавф-хатар бўлмайди. Ишонтириб айтаманки, бизнинг бу учувчилар билан орамизда муаммо йўқ”, таъкидлади Мужоҳид Озодликка изоҳ бераркан.

Бироқ кўплаб учувчилар, агар ватанларига қайтишса, уларни қатл этишлари мумкинлигидан қўрқмоқда. Толиблар ҳокимият тепасига келгунча ҳам, Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларини заифлаштириш мақсадида учувчиларга ҳужум қилиб туришар эди.

Халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари эса мамлакатни босиб олгандан сўнг толиблар Афғонистон хавфсизлик кучларининг собиқ хизматчиларини оммавий қатл этаётгани, қийноққа солаётгани ва қамоққа ташлаётгани ҳақида огоҳлантириб келади.