Австралия АҚШнинг Пекинда ўтадиган Қишки Олимпиадани дипломатик бойкот қилиш ташаббусига қўшилди

Австралия Бош вазири Скотт Моррисон.

Австралия Бош вазири Скотт Моррисон ўз мамлакати АҚШнинг Пекинда ўтадиган Қишки Олимпиадани дипломатик бойкот қилиш ташаббусига қўшилганини билдирди.

Моррисоннинг 8 декабрда журналистларга билдиришича, Хитой Австралия билан муносабатларда юзага келган қатор муаммоларни, жумладан, Шинжон-Уйғур минтақасида инсон ҳуқуқлари бузилишини бартараф этишни истамаяпти. Бу эса Хитойнинг Австралия билан икки томонлама муносабатларида кескинликни пайдо қилмоқда.

“Шунинг учун ҳам Австралия ҳукумати расмийлари Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун Хитойга бормайди, аммо австралиялик спортчилар ўйинларда қатнашади”,-деди Бош вазир.

Хитой томони эса Австралияни муносабатларни яхшилаш учун дипломатик қадамларни ташлашга чақирди.

7 декабрь куни Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки АҚШ Хитойдаги Олимпия ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилгани тўғрисида билдирган эди. Мулозима, бойкотга қарамай, америкалик спортчилар Олимпиадада иштирок этишлари мумкинлигини қўшимча қилди.

“ХХР томонидан Шинжонда геноцид ўтказилаётгани ва бошқа инсон ҳақлари бузилаётганини эътиборга олган ҳолда, Байден маъмурияти 2022 йилдаги Пекин қишки Олимпиадаси ва Паралимпиадасига дипломатик ёки расмий делегацияни жўнатмайди”, - деган Жен Псаки брифингда.

Пекиндаги Қишки Олимпиада 2022 йилнинг 4 февралидан 20 февралигача бўлиб ўтиши режаланган. АҚШ сўнгги бор 1980 йили Москвада ўтказилган Олимпия ўйинларига тўла бойкот эълон қилган эди.