“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Бухоро шаҳридаги Тўқимачилик филиали ходимлари ҳар ойнинг охирги 3 кунида эрталаб соат 4 гача ишлашга мажбурланмоқда.
Бу ҳақда Озодликка арз қилган банк ходимларига кўра, эркагу аёл ходимлар тонггача кредитни тўламаган мижозларга қўнғироқ қилиб ёки уйига бориб қарзини тўлашини талаб қилиши лозим.
Агар мижоздан кредит ундирилмаса, банк ходимига ўз ҳисобидан кредитни ёпиш мажбурияти юклатилган.
Банк бошқарувчиси ўринбосари ходимларининг бу иддаоларини Озодликдан эшитганидан сўнг, алоқани узиб қўйди.
“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Бухоро шаҳридаги Тўқимачилик филиали ходимларининг Озодликка шикоятида бундай дейилган:
“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Тўқимачилик филиали бошқарувчиси Аваз Қиличев ҳар ойнинг охирида эркак ва аёл ходимларни банкда кечаси билан қолиб ишлашга мажбур қилмоқда. Мана, ўтган ойнинг 30-31 март кунлари шанба ва якшанба бўлишига қарамасдан яна ҳаммани ишда олиб қолди. Биз кредит олган мижозлар билан ишлаб, кредит ва унинг фоизларини ундиришимиз керак. Туни билан соат неча бўлишига қарамасдан биз қарздорларга телефон қилишимиз ва улардан кредитни ёпишни талаб қилишимиз керак. Ёполмайман деган мижозларнинг уйларигача бориб келамиз. Бизнинг оиламиз, рўзғоримиз йўқми? Аёл ходимларнинг эрлари жанжал қиляпти. Илтимос, шуни Озодликка чиқаринг, банк бошқарувчиси меҳнат қонунларига риоя қилсин”.
Озодликка келган бу шикоят хати ортидан, мухбир унинг муаллифларидан бири билан боғланди. Ишдан ҳайдалишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган банк ходими ойнинг сўнгги кунлари эрталабгача ишлаганини тасдиқлади:
“Кредит олганнинг уйига ёки сотовийсига қўнғироқ қиламиз. Агар у тўлолмайман ёки кейинги ой тўлайман деса, кредит олган шахсни кафилликка олган одамга қўнғироқ қиламиз. Соат кечаси 2 ми ёки 3 ми - фарқи йўқ. Айримларининг уйларига борамиз, уйқудан турғизиб бўлса ҳам, қарзини тўлаб қўйишни талаб қиламиз. Хуллас, биз ҳам ходим, ҳам мажбурий қарзни ундириш – коллекторлик қиляпмиз. Сўнгги уч кун на ишда ҳаловат бор, на уйқуда”.
Банкнинг исми сир қолишини сўраган бошқа ходимининг айтишича, 35 нафардан ортиқ банк ходими ойнинг сўнгги кунлари кечаю кундуз ишлайди:
“Ҳамма ишлайди, касса пул қабул қилади, бухгалтерия ҳисоб-китоб қилади, кредит бўлими ҳисобот ёзади. Мижозларга бириктирилган ходимлар уларнинг кетидан қувиш билан овора. Агар қайси бир мижоз 3-4 кун кечикиб тўлайдиган бўлса, ходим ўз ҳисобидан унинг қарзини ёпиб туришга мажбур. Мана, сўнгги сафар, бир мижознинг ёпилмаган тўлови 600 минг сўм чиқди. Шуни банк ходими ундиролмаса, ўз ҳисобидан тўлаб туришга мажбур”.
Банк ходимининг айтишича, банк телефонларидаги сўзлашувлар архиви кўтарилса, ҳамма уч кун тонггача ишлагани маълум бўлади:
“Мана мажбурий меҳнатнинг исботи. Март ойининг сўнгги кунларида банк телефонларидан чиққан қўнғироқларни тегишли идоралар кўтариб кўрсин. Ҳамма бўлим эрталабгача ишлаган, юзлаб қўнғироқлар бўлган”.
“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Бухоро шаҳридаги Тўқимачилик филиали бошқарувчиси Аваз Қиличев ўз иш жойида бўлмаган учун у билан боғланиш имкони бўлмади.
Филиал бошқарувчиси Аваз Қиличевнинг ўринбосари Элдор Турсунов Озодлик билан суҳбатда ишчилар айтган иддаоларни тинглаб турди-да, алоқани узиб қўйди. Ўринбосар Озодликнинг кейинги қўнғироқларини жавобсиз қолдирди.
“Ўзсаноатқурилишбанк” раҳбарияти билан боғланишнинг имкони бўлмади.