АҚШ президенти Жо Байден 9 декабрь куни жаҳондаги демократия ривожланиши масалаларига бағишланган биринчи саммитни очиб берди. Муҳокамалар онлайн режимда олиб борилмоқда.
Байден ўз чиқишида бутун дунёда демократик институтлар заифлашгани юзасидан ташвиш билдириб, давлатлар раҳбарларини демократияни ўрнатиш мумкинлигини кўрсатиш учун “қўлни қўлга беришга” чақирган.
АҚШ раҳбари саммит иштирокчиларига ҳозирда “ҳал қилувчи палла” экани ва демократик қадриятларни ҳимоя қилиш учун икки карра кўпроқ куч сарфлаш зарурлигини айтган. Байден назарида, мавжуд тенденциялар “асосан янглиш томонга бошламоқда” ва “демократия ҳимоячиларга муҳтож”, деб хабар қилди “Америка овози”.
Оқ уй 9 декабрь куни Жо Байден демократик янгиланиш бўйича президент ташаббусини таъсис этишга қарор қилганини маълум қилган. Хабарномага мувофиқ, бу дунё мамлакатларида демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуидир. Вашингтон келгуси йилда бу мақсадлар учун 424 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратмоқчи.
Икки кунлик саммит Жо Байденнинг авторитар ҳукуматлар кучайиши манзарасида бутун дунёда демократияни мустаҳкамлаш тўғрисидаги сайловолди ваъдасига асосан ўтказилмоқда. Байденнинг ўзи ушбу тадбирни президентлигининг биринчи йилидаги устувор вазифа деб атаган.
Саммитга 100 дан зиёд мамлакат раҳбари таклиф қилинган, улар орасида Хитой ва Россия етакчилари йўқ. Ой уй матбуот котиби Жен Псакига кўра, таклиф АҚШнинг у ёки бу давлат сиёсатини маъқуллашини билдирмайди.
“Муайян мамлакатларни таклиф қилмаган бўлсак, бу бизнинг уларга салбий муносабатда эканимизни англатмайди. Биз демократияни ҳимоя қилиш бўйича глобал саъй-ҳаракатларимиз хусусида фикрлашиш учун турли овозларни, турли мамлакатларни жамладик”, деган Псаки.