Украинага кенг кўламда бостириб кириш Россия учун “ҳалокат” бўлади, Россия президенти Владимир Путин эса Ғарбнинг “шу кунгача кўрилмаган” санкцияларига дуч келади. АҚШ президенти Жо Байден матбуот анжуманида ана шундай баёнот берди.
Байден Россия тажовузининг муҳтамал оқибатларидан бирини очиқлаган: унинг айтишича, Украинага ҳужум қилган тақдирда Россия банклари молиявий амалиётларда доллардан фойдалана олмайди.
АҚШ президенти Россия ҳарбий қудратда Украинадан устунлиги ва кенг кўламли уруш бошласа, катта эҳтимол билан ютиб чиқиши мумкинлигини тан олган. Бироқ, Байденга кўра, у ҳолда Россия кўнгилсиз оқибатларга – шошилинч ва узоқ муддатли санкцияларга дучор бўлади.
Байденнинг фикрича, Владимир Путин Украинага қарши амалиёт ўтказишга қарор қилиши мумкин. Аммо АҚШ раҳбари Путин кенг кўламли қуролли можарони исташига ишонмаслигини айтган. Шунингдек, Байден Ғарбнинг жавоб чоралари Россиянинг Украинага қарши қаратилган муайян хатти-ҳаракатларига, уларнинг кўлами ва оқибатларига боғлиқ бўлишига ишора қилган.
Россиянинг Украинани НАТОга қабул қилмаслик ҳақидаги талабига тўхталаркан, Байден Украина ҳали-бери альянсга кира олмаслигини айтган – бироқ Россия туфайли эмас, АҚШ президентига кўра, мамлакат ҳозирча бунга тайёр эмас.
Женева ҳамда Брюсселда кечган музокаралар деярли бесамар якунлангач, сўнгги кунларда Ғарб мамлакатларининг Россия тарафидан кутилаётган муҳтамал босқиндан хавотирлари янада кучайган.
21 январь куни АҚШ давлат котиби ва Россия ТИВ раҳбари Женевада учрашишади.
Россия ТИВ Москва Украинага қарши ҳарбий амалиёт бошлашга ҳозирлик кўрмаётганини иддао қилиб келмоқда.