АҚШ президенти Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Цзинпин куни кеча ўтказилган онлайн мулоқотда Тибет, Ҳонгконг ва Шинжон-Уйғур мухтор вилоятидаги вазият муҳокама қилишган.
Мулоқот чоғида икки энг қудратли давлат ўртасидаги “савдо уруши” билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинган. Пекиннинг демократик Тайвань ҳудудига тажовузи ҳам эътибордан четда қолмаган. Шунингдек, Хитой коммунистик ҳукумати томонидан инсон ҳуқуқлари бузилаётгани хусусида ҳам гап борган.
Жо Байден иқтидорга келган 2021 йил январидан бери икки мамлакат раҳбари илк бор шундай узоқ ва атрофлича суҳбатлашгани таъкидланмоқда.
Оқ уйнинг Жо Байден ва Си Цзинпин музокараси натижаларига оид баёнотида, хусусан, АҚШ ўз манфаатлари ва қадриятларини ҳимоя қилишда давом этиши айтилган. XXI асрда ўзни тутиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш учун Вашингтон ўз иттифоқчилари ва ҳамкорлари билан биргаликда ҳаракат қилиши уқтирилган.
“Америка овози” сайтида эълон қилинган мақолада Байденнинг Тайвань ҳимоясига доир баёнотлари, афтидан, бир қадар юмшагани урғуланган. Чунончи, Оқ уй Қўшма Штатлар “ягона Хитой” сиёсатини қўллаб-қувватлашини, Тайвань мустақиллигига қарши эканини, Тайвань бўғозида тинчлик ва барқарорликка путур етказадиган ҳамда статус-квони ўзгартирадиган ҳар қандай бир томонлама хатти-ҳаракатларга қаршилигини маълум қилган.