Минск шаҳрида махсус амалиёт чоғида Беларусь Давлат хавфсизлиги қўмитасининг бир ходими ўлдирилди, унга ўқ узган одам Беларусь фуқаросидир.
Қўмита матбуот хизмати маълум қилишича, ходимлар “террорчилик ташкилотларига алоқадор шахслар” яшириниши мумкин бўлган манзилларни текширишаётган бўлган. Квартиралардан бирида уларга ўқ узилган. ДХҚ ходимлари ҳам жавобан ўт очишган.
Озодлик беларус хизматининг Еврорадиога таянган ҳолда хабар қилишича, ўқ узган одам Беларусдаги энг йирик IT-ширкатлардан бири бўлмиш EPAM Systems ходими Андрей Зельцердир. ЕРАМ вакили, исми тилга олинмаслиги шарти билан, ширкатда Андрей Зельцер деган одам ишлаганини тасдиқлаган.
Зельцернинг “Instagram” ва “Facebook”даги саҳифаларидан англашиладики, у қиличбозлик ва автопойгалар билан шуғулланган. Унинг қурол билан тушган сурати ҳам бор. Бир йил муқаддам у ижтимоий тармоқда сайлов натижалари сохталаштирилганига қарши норозилик намойишини дастаклаб хабар қолдирган.
Бир неча ОАВ юз берган воқеа видеосини ёйинлаган. Видео иккита камерада олинган бўлиб, бири Зельцернинг квартирасида бўлгани айтилади. Тасвирлар синхронлаштирилган.
Беларусь тергов қўмитаси шахс олиб бораётган хизмат фаолияти сабабидан ўлдирилишига доир жиноят иши очган.