Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги 19 декабрь куни Лондондаги элчихонага ҳужум қилинганини билдирди. Бу ҳақда AFP вазирликка таянган ҳолда хабар тарқатди.
Вазирликнинг таъкидлашича, номаълум шахслар гуруҳи элчихона биноси фасадига зарар етказган ва воқеа жойига етиб келган беларусь дипломатларини калтаклаган.
Дипломатлардан бирининг бурни ва тиши синдирилган, шифокорлар унинг мияси чайқалганини аниқлаган.
Лондон полицияси ҳужумчиларни қўлга олди. Беларус ҳукуматининг иддаосича “ҳужумчилар радикал кайфиятдаги эмигрантлар” бўлган.
Мазкур воқеа ортидан Британиянинг Минскдаги элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди ва унга “диққат билан ҳар томонлама тергов ўтказиш” талабномаси топширилди.