Беларусь расмийлари мамлакат гербининг янги шаклини тасдиқлашди. Бунга оид қонун Миллий ҳуқуқий портал орқали ёйинланган.
Гербдаги асосий ўзгаришлар ранглар ва тасвирдаги “географик” урғуларга дахлдор бўлган. Мамлакат контури яшилдан олтин рангига алмаштирилган. Гербдаги бошоқлар, йўнғичқа ва зиғирпоя шакли ҳам ўзгарган. Ер куррасидаги қитъалар ҳам кўк ўрнига тўқ пўртаҳол рангига бўялган. Курранинг ўзи ҳам бироз бурилган: эндиликда у ерда Европа қитъасининг Беларусь жойлашган қисми ва Европа минтақасини кўриш мумкин. Россиянинг эса гербда оз қисми қолган.
Расмийлар “техник ўзгаришлар” деб атаётган янгиликлар устида президент ҳузуридаги гербшунослик кенгаши ишлаган. Адлия вазири иддаосига кўра, янгиланган гербдаги юлдуз “бироз жанговарроқ характер”га эга.
“Беларусь Республикаси ўз нейтралитетини қўриб келаётган тинчликсевар давлат бўлиб, агрессияни ўз сиёсати йўли ўлароқ кўрмайди”, дея иқтибос келтиради вазир сўзларидан Озодликнинг беларус хизмати.
Беларуснинг аввалги герби президент Александр Лукашенко ташаббуси билан 1995 йилда ўтказилган референдум натижасида қабул қилинган. Унгача эса мамлакатда Буюк Литва князлигида қабул қилинган гербдан фойдаланиб келинган.