Гомел суди 2020 йилдаги сайловда амалдаги президент Александр Лукашенкога рақобатчи бўлган мухолифат лидери Светлана Тихановскаянинг турмуш ўртоғи Сергейни 18 йилга кесди.
Озодлик радиоси беларусь хизматининг билдиришича, Сергей билан биргаликда яна 5 киши судланган. Улар президентлик сайловидан сўнг норозилик намойишларини уюштирганликда айбдор деб топилди. Суд ҳукмида норозилик намойишлари “оммавий тартибсизликлар” сифатида қайд этилади.
Блогер Сергей Тихановский Александр Лукашенкони танқид қилиб келган ва 2020 йилдаги сайловда ўз номзодини кўрсатмоқчи бўлган эди. Бироқ у номзодини кўрсатишга улгурмасидан туриб қамоққа олинган. Шундан сўнг унинг ўрнига хотини Светлана Тихановская президентликка ўз номзодини кўрсатган.
Судланганлар орасида Озодлик радиоси беларусь хизмати маслаҳатчиси Игорь Лосик ҳам бор. У ва блогер Владимир Циганович 15 йилга қамалди. Тихановский командасининг аъзолари бўлган Артём Саков ва Дмитрий Попов 16 йилга кесилди. Мухолифат лидерларидан бири Николай Статкевич 14 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Беларусда ўтган йилнинг 9 августида ўтган сайловда амалдаги президент Александр Лукашенко ғалаба қилганидан сўнг мамлакатда бир неча ой норозилик намойишлари тинмаган эди. Бунинг ортидан Беларусь ҳукумати кўплаб мухолифатчиларни қамоққа олди, Светлана Тихановская ва қатор мухолифат лидерлари мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.