Бир неча мамлакатда “Беларусь халқ элчихоналари” очилди

Хориждаги беларус диаспораси вакиллари 10 декабрь куни дунёнинг бир неча мамлакатида “халқ элчихоналари”ни очишди. Элчихоналарнинг очилиш маросими Беларусь мухолифати лидерлари ва Европарламент депутатлари иштирокида онлайн тартибда ўтказилди.

“Элчихоналар” сайтида ёйинланган маълумотларга кўра, улар демократик Беларусь манфаатларини тамсил этиш, мамлакатдаги вазиятдан хабардор қилиш, хориждаги институтлар билан алоқалар ўрнатиш ва беларуслик эмигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Бу каби “элчихоналар” Германия, Испания, Франция, Британия, Швеция, Украина, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда очилган.

Лойиҳа ташкилотчилари Александр Лукашенкони Беларуснинг сайланган президенти ўлароқ тан олмасликларини, мамлакатдаги ҳокимият узурпацияси ҳаракати ҳамда беларусларга қарши олиб борилаётган кенг кўламли қатағон сиёсатини қоралашларини билдирганлар. Улар сиёсий маҳбусларни озод қилиш, айбдорларни жазолаш ва янги президент сайлови ўтказишга ҳам чақирганлар.

Баёнот муаллифлари Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари машруиятини (легитимлигини) тан олишдан бош тортмоқдалар. Лойиҳа масъулларидан бири, мухолифатдаги Мувофиқлаштирувчи кенгаш раёсати аъзоси Павел Латушко “элчихоналар” мухолифатнинг “хорижда легитим вакилларга эга бўлиш” истагини намоён этиш учун ташкил қилинганини урғулаган.

Европарламент вице-президенти Никола Бер мазкур ташаббус ҳақида мулоҳаза билдираркан, Европа Иттифоқи баъзан Беларусга нисбатан қатъиятсизлик билан ҳаракат қилаётганидан нолиган. Бунга мисол ўлароқ у Лукашенко ва унинг сафдошларига қарши якка тартибдаги санкцияларни ишлаб чиқиш учун жуда узоқ вақт сарфланганини келтирган.

Беларусь президенти лавозимига собиқ номзод Светлана Тихановская “халқ элчихоналари” лойиҳасини дастаклаган. У лойиҳа муаллифларига йўллаган видеомурожаатида уларни Беларусь муаммосини халқаро ҳамжамият кун тартибида тутиб туриш учун қўлдан келган барча ишни қилишга чақирган.