Беларусда 2020 йилнинг августида бўлиб ўтган президент сайловига бир йил тўлиши муносабати билан турли мамлакатларда жамоатчилик фаоллари беларуслик норозилар билан бирдамлик акцияларини ташкил қилишди.
Стокҳолмда ўтказилган шундай тадбирда Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде, маданият вазири Аманд Линд ҳамда эко-фаол Грета Тунберг қатнашган.
ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель 8 август куни “Беларусда 2020 йил 9 август куни бўлиб ўтган сохталаштирилган президент сайловининг бир йиллиги муносабати билан” декларация эълон қилган.
Ҳужжатда бир йил муқаддам “Беларусь халқининг мамлакатга легитим етакчи сайлашга умиди шафқатсизларча синдирилган эди”, дея урғуланган.
Европа Иттифоқи Беларусь халқининг инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари ҳурмат қилиниши учун олиб бораётган дадил курашини қадрлашини билдириб, мамлакат ҳукуматининг муносабатини яна бир марта қоралаган. “Лукашенко режими жамиятни қатағон қилиб, ўз халқи билан ўртада жарлик яратмоқда, ҳуқуқ устуворлиги ва Беларуснинг халқаро мажбуриятларини инкор этмоқда”, дейилган декларацияда.
8 август куни Беларусь билан бирдамлик акциялари Варшава ҳамда Белостокда ҳам ўтказилган.
Лукашенконинг асосий мухолифи Светлана Тихановская 9 августдаги сайлов натижалари 70 фоизгача сохталаштирилганини айтиб, уни тан олишни рад этганди. Мухолифат бошчилигида минглаб беларуслар тинч намойишларга чиққан.
Ҳукумат очиқ норозилик ҳаракатини бир неча ой давомида куч билан бостирган.
Ўтган йилнинг 1 сентябрида БМТ Олий комиссари маҳкамаси сиёсий маҳбуслар қийноққа солиниши билан боғлиқ 450 ҳолат ҳужжатлаштирилгани ҳақида эълон қилган. 2020 йил охиригача “Весна” ҳуқуқбонлик ташкилоти Беларусда намойишчиларга нисбатан қийноқлар қўлланилганига оид мингта ҳужжатли далил йиғишга муваффақ бўлган.
9 август куни Беларусь расмий ОАВлари “Президент билан катта суҳбат” анонсини берган. БЕЛТА агентлиги хабарига кўра, Лукашенко “журналистлар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашади”.