Беларусда “Говори правду” (“Тўғрисини айт”) илмий-таълимий бирлашмасининг раисдоши, 2020 йилги президент сайловида давлат раҳбари лавозимига номзод ўлароқ кўрсатилган Андрей Дмитриев қўлга олинди.
“Вясна” ҳуқуқбонлик маркази маълумотига кўра, Дмитриев 12 август куни эрталаб ушланган. Куч ишлатар тузилмалар ходимлари бу хатти-ҳаракатининг нима билан боғлиқлиги ва ҳозирда сиёсатчи қаерда тутиб турилгани маълум эмас, дея хабар қилди Озодликнинг беларус хизмати.
Андрей Дмитриев 11 август куни идорасида тинтув ўтказилган “Сход” (“Йиғин”) платформасининг ҳам делегатларидан бири эди. Эркин сайлов ва сайланиш ҳуқуқини тарғиб қилган мазкур платформа аъзоларидан бир неча нафари, шу жумладан президент сайловидан кейин оммавий намойишларни дастаклаб чиққан Беларуснинг Словакиядаги собиқ элчиси Игорь Лещеня аввалроқ қўлга олинган.
“Говори правду” (“Тўғрисини айт”) Беларусда 2010 йили бошланган кампания бўлиб ҳисобланади. 11 йил муқаддам у мухолифатчи Владимир Некляев президентликка номзод ўлароқ кўрсатиш учун база бўлиб хизмат қилган.
Сўнгги пайтларда Беларусда Александр Лукашенко режими журналистлар, ҳуқуқбонлар, жамоатчилик фаоллари ва мухолифатчиларга қарши босимни кучайтирган. Президент сайловидан бери ўтган бир йил мобайнида мамлакатда минглаб одам қўлга олинган, ўнлаб жиноий иш қўзғатилган.