Спорт мулозимларини танқид қилганидан сўнг Олимпия ўйинларидан четлатилиб, ўз сўзига кўра, терма жамоа раҳбарлари уни хоҳишига хилоф равишда ватанига жўнатиб юборишга уринган беларуслик чопағон Кристина Тимановская Польшага учиб келди.
Польша ҳукумати Тимановская Минскка қайтишдан бош тортиб, Европадан сиёсий бошпана сўраганида унга гуманитар виза берган эди. Спортчи қиз Варшавага тўғридан-тўғри Токиодан учиб келиши кутилганди, аммо уни дастлаб Венага йўллашди. Reuters агентлигига кўра, хавфсизлик нуқтаи назаридан шундай қарор қабул қилинган. Йўналишни ўзгартиришга польшалик дипломатлар ундаганлар.
Венада Тимановскаяни Австрия давлат котиби Магнус Бруннер қабул қилган. Бир муддат бу ерда қолгач, спортчи Варшавага учиб кетган.
1 август куни Беларуснинг спорт мулозимлари Тимановскаяни мусобақалардан четлатиб, ундан мамлакатга қайтишни талаб қилишгани ҳақида хабар қилинган эди. Бироқ спортчи Токио аэропортида полицияни ёрдамга чақириб, уларга вазиятни билдирган. Шундан сўнг қиз ватанида қайтгудек бўлса, уни таъқиб қилишлари мумкинлиги, шу боис хориждан сиёсий бошпана сўрамоқчи эканини маълум қилган.
Тимановскаяга гуманитар виза тақдим этган расмий Варшава спортчини ўз ҳимоясига олиши ва у ўз карьерасини Польшада давом эттириши мумкинлигини билдирган.
Халқаро Олимпия қўмитаси Тимановская воқеаси бўйича суриштирув ўтказмоқда. Ғарб мамлакатлари, жумладан АҚШ Беларусь ҳукуматини спортчиларга босим ўтказиш ва Олимпия тамойилларини бузишда айблаган.