Блинкен: Шимолий Кореядан бўлган 8 000 ҳарбий Курск вилоятида юрибди

Жанубий Кореянинг ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари Вашингтонда АҚШ Давлат котиби ва Пентагон раҳбари билан музокаралар ўтказишди

АҚШ Россиянинг Курск вилоятида бўлган шимолий кореялик ҳарбийлар яқин орада Украина Қуролли кучлари билан жангга киришишини кутмоқда. Бу ҳақда 31 октябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билдирди. “Америка овози” хабарига кўра, ўз сўзида Хитойни Пхенянни тийиб туриш учун ўз таъсиридан фойдаланишга чақирган.

АҚШ Давлат котиби Россия шимолий кореялик аскарларга артиллерия, дронлар билан ишлаш ҳамда қуруқликдаги амалиётларда қўл келадиган тактик приёмларга ўргатаётганини, бу эса мазкур кучлардан жабҳада фойдаланиш нияти борлигини кўрсатишини маълум қилган.

Блинкен Россияда 10 минг нафар шимолий кореялик ҳарбий юргани, уларнинг тақрибан 8 минг нафари аллақачон Курск вилоятида эканини қайд этган. Россиянинг бу вилоятида Украина қўшинлари август ойида эгаллаган мавқеларини қўлда тутиб туришибди.

Қўшма Штатлар ва Жанубий Корея мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари ўзаро учрашувда бунга жавоб беришнинг қатор вариантларини муҳокама қилишгани айтган АҚШ бош дипломати Москва томонидан шимолий кореялик аскарларни Украинага қарши уруш “гўштқиймалагич”ида фойдаланилиши Кремль “заифлигининг очиқ белгиси” эканини қайд этган.

Шу куннинг ўзида Шимолий Корея томонидан қитъалараро баллистик ракета учирилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Ракета Корея яриморолининг шарқий соҳилидаги Шимолий Корея ҳудудий сувларига бориб тушишдан аввал илк бор 86 дақиқа давомида парвозда бўлган. Бу ҳақда Жанубий Корея ва Япония расмийлари маълум қилишган.

Жанубий Корея қўмондонлиги ракета Шимолий Корея пойтахти бўлмиш Пхеняндан маҳаллий вақт билан тахминан эрталабки соат 7:10 да учирилганини қайд этган.

Ракета қарийб вертикал равишда учирилган бўлиб, 7700 километр баландликка етган, дея хабар қилди Reuters агентлиги Япония Мудофаа вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда.

Токиода махсус чақирилган матбуот анжуманида Япония Вазирлар Маҳкамасининг бош котиби Ёсимаса Хаяси 31 октябрь куни синовдан ўтказилган Шимолий Корея ракетасига ўхшаш ракета оддий траектория бўйлаб учирилганда 15 минг километр масофага етиши мумкинлигини билдирган.