Венгрия пойтахти Будапештда 5 май куни Фудань университети филиали очилишига қарши бир неча минг кишилик норозилик намойиши ўтказилди. Тадбирда, жумладан, пойтахт мэри ҳам иштирок этди. Мазкур университет Хитой Коммунистик партиясига дахлдорлиги айтилади.
Филиални 2024 йилда очиш режалаштирилган. Хитой ҳукумати Венгрияга мазкур лойиҳани амалга ошириш учун 1,5 миллиард доллар кредит ажратади. Будапешт туманларидан бирида университет кампуси қурилиши керак.
Виктор Орбан ҳукуматига мухолиф шаҳар маъмурлари ушбу лойиҳага қарши чиқмоқда. Уларга кўра, лойиҳа мамлакат солиқ тўловчиларига қўшимча юк бўлади, қолаверса, университет Хитойнинг ЕИ ҳудудидаги тарғибот қуроли ўлароқ хизмат қилиши мумкин.
Будапешт мэри Гергей Карачон митингда сўзлаган нутқида норозилик айнан университетнинг Хитой Коммунистик партияси билан алоқадорлиги важидан келиб чиққанини урғулади.
Орбан ҳукумати эса бутун дунёдан талабаларни қабул қиладиган филиалнинг очилиши Венгрияда таълим даражасини оширишини иддао қилмоқда. Орбан “нолиберал демократия” доктринаси тарафдори бўлиб, Россия, Туркия ва Хитой каби мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
Венгрия ҳукумати сиёсатини деб Будапештдаги Жорж Сорос асос солган Марказий Европа университети бир неча йил аввал мамлакатдаги фаолиятини чеклашга мажбур бўлган эди. Ўшанда ОТМнинг ўқув дастурлари Вена шаҳрига кўчирилган.
Аввалроқ Будапешт мэрияси университет кампуси қурилажак Ференцварош туманидаги бир неча кўча Хитойнинг ўткир сиёсий муаммоларига эътиборни жалб қилувчи номлар билан аталганди. Хусусан, шаҳар харитасида Уйғур мазлумлари, Озод Ҳонконг, Далай-лама ва хитойлик диссидент руҳоний Се Шигуан номидаги кўчалар пайдо бўлган. Бу ҳақда Озодлик аввалроқ хабар қилган.