Будапешт марказида Хитойдаги долзарб сиёсий муаммоларга эътиборни жалб қилувчи номлар билан аталган бир неча янги кўча пайдо бўлди. Хусусан, Ференцварош туманида Уйғур мазлумлари, Озод Ҳонконг, Далай-лама ва хитойлик диссидент руҳоний Се Шигуан номидаги кўчалар очилган. Бу ҳақда Озодлик радиосининг венгер хизмати хабар қилди.
Янги кўчалар Хитойнинг обрўли олий таълим муассасаларидан бири бўлмиш Фудань университети кампуси очилиши кутилаётган туманда жойлашган. Янги кўчаларнинг очилиш маросимида Ференцварош мэри Крисзтина Барайи ҳамда Будапешт мэри Гергели Карачони иштирок этишди.
Барайига кўра, туман ва шаҳар вакиллари Венгрия ҳукуматининг Хитой университети фаолиятига рухсат бериш қароридан норозилигини шу тариқа изҳор қилмоқда.
Будапешт марказида Фудань университети ваколатхонаси қурилиши бир неча ойдан муҳокама қилиняпти ва бу мухолифатнинг кескин танқидига сабаб бўлмоқда, дея хабар қилган “Телекс” нашри.
Мухолифат шаҳар маъмурияти билан тузилган битимга биноан ободонлаштирилиши лозим бўлган ернинг фойдаланишга берилишига, мазкур лойиҳанинг шаҳар бюджети ҳисобига молияланишига қарши чиқмоқда. Венгриялик мухолифатчилар фикрича, кампус феълан Хитой компартиясининг Будапештдаги ваколатхонасига айланиб қолиши мумкин.
Ўтказилган сўров натижаларига кўра, шаҳар аҳлининг 90 фоизи университет лойиҳасига қарши. Мухолифат бу масалада референдум ташкил қилишни режалаштирган эди, аммо пандемия важидан бу иш амалга ошмаслиги эҳтимолга яқинроқ. Вазиятни кескинлаштираётган яна нарса шуки, ҳукумат Будапештдаги америкалик молиячи Жорж Сорос асос солган Европа университетини бошқа мамлакатга кўчишга мажбур қилган.
Уйғур мазлумлари кўчасининг бундай номланишига уйғурларнинг Хитойдаги оғир аҳволи сабаб бўлган. Расмий Пекин бу мусулмон халқни геноцид қилишда айбланмоқда.