Ўзбекистоннинг “Kun.uz” сайти Тожикистон билан чегарадаги Фотиҳобод назорат-ўтиш маскани (НЎМ)да ўтиб-қайтувчилардан пул тама қилишаётгани ҳақида лавҳа эълон қилганидан сўнг Озодликнинг тожик хизмати мухбири мазкур видеода порахўр ўлароқ талқин қилинган шифокор билан учрашиб, воқеа бўйича изоҳ олди.
Тожик-ўзбек чегарасидан ўтган Ўзбекистон фуқаролари “kun.uz” журналистига тожик чегарачилари уларни уч соатлаб навбат кутишга мажбур қилгани ва, боз устига, ҳар бир кишидан 150-200 сомоний пул олгани ҳақида сўзлаб берган. Мисол сифатида видеода шифокор Абдулҳамид Иброҳимов қўлини чўнтагига суққани кўрсатилади ва мухбир у ҳозир ўткинчидан ундирган 200 сомонийни яширганини айтади.
Матчо тумани поликлиникаси шифокори Абдулҳамид Иброҳимов Озодлик мухбирига воқеа 14 октябрь куни унинг навбатчилиги чоғида содир бўлганини, аммо у чегарадан ўтувчилардан пул талаб қилмаганини билдирди.
“Мен нос чекаман, ўша видео суратга олинган пайтда ёнимга ҳар хил одамлар келишди, диққатим ошиб, нос отдим. Яна-тағин носқовоқни доимгидек орқа чўнтакка эмас, ён чўнтагимга солибман, улар эса видеода буни мен гўёки олган пулимни яширгандек талқин қилишган. Булар бари менга нисбатан туҳмат”, дейди Иброҳимов.
Унинг фикрича, видео қасддан олинган. Иброҳимов Ўзбекистон тарафидаги Ойбек НЎМдаги шифокорлар билан бир неча марта баҳслашиб қолган экан, шу боис шу қалбаки ва туҳмат видеони ёзишган бўлса керак, деб ҳисоблайди.
“Ўзбек шифокорлари бизнинг фуқаролар тақдим этган коронавирус йўқлигини тасдиқловчи маълумотномаларни қабул қилишмаётган экан, мен уларга маълумотномаларни тайинли клиникалар берганини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Афтидан, бу уларнинг жаҳлини чиқариб, менинг обрўйимни тўкадиган ўша видеони уюштиришган. Аммо мен, худога шукрки, ўз мамлакатим ва халқимни сотмаганман ва ҳурматсизлик қилмаганман”, дейди яна Иброҳимов ўз изоҳида.
Ўзбек сайтида чиққан видео бўйича Тожикистон прокуратураси текширув ўтказган.
“Лавҳа ижтимоий тармоқларда ёйилгач, ҳарбий прокуратурадан ходим келиб мендан тушунтириш олди. Ҳамма гапни очиқ айтдим. “Майли, дўхтир, ҳеч қиси йўқ, туҳмат қилишибди”, деб кетди”, дейди шифокор.
Айтишича, тожик ҳуқуқ‑тартибот идоралари унга нисбатан иш очмаган ва у соғлиқни сақлаш тизимида фаолиятини давом эттирмоқда. Озодлик бу маълумотни бир неча расмий манбадан тасдиқлатди. Аммо Иброҳимов номи тилга олинган Фотиҳобод НЎМ навбатчи шифокорлари рўйхатидан олинган. НЎМ тиббий назорат бўлими мудири Алижон Наимов шифокор Иброҳимов бу орда ортиқ ишламаслигини айтди.
БОРДИ-КЕЛДИ ТИКЛАНАЁТГАНИ МАНЗАРАСИДА
Коронавирус эпидемияси бир оз босилганидан сўнг Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида борди-келди тикланмоқда. Фуқаролар эндиликда мамлакат шимолидаги Фотиҳобод назорат-ўтиш маскани орқали чегарани кесиб ўтишда махсус рухсатнома сўралмаётганини айтмоқда. Бир неча кун олдин 2020 йил мартида тўхтатиб қўйилган икки томонлама автобус қатнови қайта йўлга қўйилди.
Шу манзарада ўзбек медиаси, хусусан “kun.uz” қўшни мамлакатларга ўтишда Ўзбекистон фуқароларидан пул тама қилинаётгани, бу борада энг катта “ставка” Тожикистон билан чегарадаги Фотиҳобод назорат-ўтиш масканида қайд этилгани ҳақида хабар қилди.
Тожик расмийлари ўзбек ОАВлари хабарига изоҳ бергани йўқ. Озодлик мухбири вазият билан танишиш учун Матчо туманидаги Фотиҳобод ва Турсунзодадаги Пахтаобод назорат-ўтиш масканларида бўлиб, бир неча фуқаро билан суҳбатлашди.
ЙЎЛОВЧИЛАР НИМА ДЕЙДИ?
Чегарани кесиб ўтаётган йўловчиларга кўра, ҳозирда вазият анча яхшиланган ва чегарадан ўтишда муаммога йўлиқмаганлар. Чунончи, Ўзбекистон фуқароси Хайрулла Отақўзиев шундай дейди:
“Чегарадан тез ўтдик, илгари бунақа эмасди. Ҳар турли баҳона топиб, рад қилишарди. Ҳатто чет элга чиқиш паспортим бўлса ҳам”.
Фотиҳобод масканидан фарқли ўлароқ, Пахтаобод НЎМдан махсус рухсатномасиз ўтишнинг иложи йўқ. Фуқаролар айтишича, бу ердан барча ҳам ўта олмайди.
Қубодиёнлик Пардабой Жўраев қариндошининг тўйида меҳмон бўлиш учун Ўзбекистонга бормоқчи бўлганида Пахтаобод постида тожик чегарачилари уни ўтказишмаганидан нолиди.
Йўловчиларнинг сўзларига қараганда, тожик-ўзбек чегарасидаги аксар НЎМлар ҳануз очилгани йўқ. Масалан, илгари биргина Сўғд вилоятининг ўзида 10 та ўтиш жойи бор эди, яъни вилоятнинг барча чегараолди туманларидан қўшни давлатга ўтса бўларди.
ТАМАГИРЛИК ҲОЛАТЛАРИ АКС ЭТГАН ВИДЕОЛАР
Ўтган ҳафтада Озодликнинг тожик хизмати сайти фойдаланувчиси сайт манзилига Дўстий назорат-ўтиш масканидаги тожик чегарачиларининг ўткинчилардан пул тама қилаётгани акс этган видеони жўнатиб, НЎМ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини қоралади.
Жорий йилнинг август ойида эса, кўплаб шикоятлардан сўнг тожик-ўзбек чегарасидаги Фотиҳобод назорат-ўтиш маскани бошлиғи ва унинг ўринбосари ишдан бўшатилган эди.
Тожикистондан Россияга авиачипталар қимматлиги сабабли кўплаб меҳнат мигрантлари кейинги пайтларда Ўзбекистондан транзит мамлакат сифатида фойдаланишни маъқул кўрмоқда.
COVID-19 пандемияси туфайли 2020 йил мартда ўзбек-тожик чегарасидаги барча ўтиш жойлари ёпилганидан сўнг анча вақт Тожикистон фуқаролари Ўзбекистонга фақат ерусти йўлидан ва махсус рухсатнома билан ўтиб юришди.