АҚШнинг CNN телеканали ва HBO Max стриминг хизмати россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийга бағишланган ҳужжатли фильмни намойиш қилади. Бу ҳақда The Hollywood Reporter журнали хабар қилди.
“Заҳар доим из қолдиради” слогани остидаги фильм канадалик ҳужжатли фильмлар устаси Дэниэль Рохер томонидан суратга олинган.
“Навальний” фильми тавсифномасида айтилишича, режиссёр Рохер “ватанида ислоҳотлар ўтказилиши учун бор-йўғини қурбон қилишга ҳозир бўлган” президентлик курсисига даъвогар жасур ва зиддиятли шахсни гавдалантирган.
Фильм премьераси санаси ҳали очиқланганича йўқ. Айни пайтда Россиядаги қамоқхоналардан бири ўтирган Навальний Инстаграм тармоғидаги ўз саҳифасида: “Фильм тайёр бўлди ва аниқки, сиз уни мендан аввалроқ кўрасиз”, дея ёзув қолдирган.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида Навальнийнинг заҳарланиши ҳақида CNN томонидан олиб борилган журналистик суриштирув Америка миллий телеакадемиясининг мукофотига лойиқ топилган.