Reuters агентлигининг хабар беришича, Хитойда тўрт кун ичида Қишки Олимпиада ўйинларига ташриф буюрган спортчи ва ходимлар орасида 119 та CОVID-19 ҳолати аниқланди. Олимпиада иштирокчилари, ходимлар ва оммавий ахборот воситаларини жамоатчиликдан ажратиб туриш учун улар алоҳида изоляцияга олинган.
Аэропортга етиб келган спортчиларнинг шанба куни 34 тасида, якшанба куни эса 37 тасида тест натижалари мусбат чиққан. Бу ҳақда 31 январь куни мусобақа ташкилотчилари маълум қилди.
Россиялик биатлончи Валерия Васнецова Пекинга келганидан кейин топширган иккита тести ҳам унда вирус борлигини кўрсатган. Шундан сўнг, у Олимпиададан умидлари пучга чиққанини ва ҳафсаласи пир бўлганини айтди.
“Афсуски, бу олимпия ўйинларидаги орзуим орзулигича қоладиган бўлди. Балки бир кун келиб яна оёққа туриш учун ўзимда куч топарман, аммо бу бутунлай бошқача ҳикоя бўлади” — деб ёзган Васнецова ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Якшанба куни аэропортда вирус аниқланган 28 кишининг саккиз нафари спортчи ёки жамоа расмийлари бўлиб чиқди.
Халқаро Олимпия қўмитаси аъзоси, ХОҚнинг спортчилар комиссияси раиси Эмма Терхода ҳам тест мусбат натижани кўрсатган. У ҳам изоляцияда эканлигини маълум қилган.
“Мен бундай бошланишини кутмаган бўлсам ҳам, Пекин Олимпиадаси мутасаддилари кўрган чоралар яхши самара бераётганини кўриб хурсанд бўлдим”,- деган собиқ фин хоккейчи Эмма Терхо.
Ушбу ҳолат спортчиларни ташвишга солмоқда. Йиллар давомида кўрилган пухта тайёргарликка қарамай, мусобақа улар учун бошланмасдан олдин тугаши мумкин.
“Бу худди ўзингни максимум хавфсиз эканингга ишонтираман деб стрессни бошдан кечираётганга ўхшайди. Аммо, айни вақтда 100 фоиз хавфсиз бўлишнинг ҳам иложи йўқ”, дейди америкалик люгер Крис Маздзер.
“Ҳозирда коронавирус аниқланаётган спортчилар сони ортмоқда. Бу қўрқинчли. Чунки сўнгги олимпиададан кейин тўрт йил кутиб, меҳнат қилсангу, аммо барчаси сўнгги ҳафтада, бор-йўғи бир неча кун ичида беҳуда кетса - бу фожиа”, дея спортчининг сўзларидан иқтибос келтирган Reuters нашри.
4-20 февраль кунлари ўтадиган қишки олимпия ўйинларига 3000 га яқин спортчи, мураббий, расмий, федерация делегатлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари келиши кутилмоқда.
“Ёпиқ ҳалқа” режими спортчиларга турар жой ва Олимпия ўйинлари ўтказиладиган жой ўртасида махсус транспортда ҳаракатланиш имконини беради. Бироқ, уларга жамоат жойларида эркин ҳаракатланишга рухсат берилмайди.
Ноль бардошлик
CОVID-19 ни бошдан кечираётган кўплаб мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Хитой ноль бардошлик сиёсати билан ўзини-ўзи изоляция қилди ва деярли барча халқаро рейсларни бекор қилди.
Ҳукмрон Коммунистик партиянинг расмий газетаси - “People’s Daily"нинг изоҳлар қисмида Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш ва вирус тарқалишига қарши кураш бўйича қилинган ишлар мақталган.
“Пекин қишки Олимпия ўйинларидаги эпидемиологик назорат чоралари Хитойнинг эпидемияга қарши курашдаги муваффақиятли тажрибасининг тимсоли бўлиб, айни пайтда Хитой руҳи ва Хитой кучини намойиш қилишга ҳам йўналтирилган”, — дейилади газетада.
Спортчилар Пекинга келишдан ҳам олдин тест топширишмоқда. Дунёнинг етакчи аёл чанғичиси австриялик Марита Крамер Германияда топширган тест натижаси мусбат чиққач, вирусдан фориғ бўлиш мақсадида мусобақага жўнаб кетиш вақтини ўзгартирди.
Россиялик скелетон муз пойгачилар, Олимпия ўйинларининг кумуш медаль соҳиблари Никита Трегубов ва Владислав Семёновда тест натижаси мусбат натижани кўрсатгандан кейин, улар Олимпия ўйинларни ўтказиб юборадиган бўлди.
30 январь куни Австралия кёрлинг жамоаси аъзоси Таҳли Гиллда дастлабки мусбат натижадан кейин иккита тест синови унда коронавирус йўқлигини кўрсатди. Бу Австралия терма жамоаси учун ижобий янгилик бўлди.
Гилл ва унинг жамоадоши Дин Хюитт икки кун давомида изоляция қилинган эди.
“Биз бу икки кунда дам олдик ва Олимпиададан кўзланган мақсадларимизни яна бир бор чамалаб олдик “, дейди Таҳли Гилл ва Дин Хюитт .