Эронда 17 ёшида қотиллик қилганликда айбланиб ўлим жазосига тортилган йигитга нисбатан ҳукм ижро этилди. Бу воқеа Европа Иттифоқи, БМТ ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг кескин танқидига учради.
25 ёшли Арман Абдолали 24 ноябрь куни қатл этилди. У 17 ёшида ўз севган қизини ўлдирганликда гумонланиб қўлга олинган ва судланган эди. Халқаро ташкилотлар Арман Абдолалининг айбдорлиги судда тўла ўз тасдиғини топмагани ортидан Эрон ҳукуматини унга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгартиришга чақириб келаётган эди.
Арман Абдолали дорга осилганидан бир неча соат ўтиб Озод Европа-Озодлик радиосига интервью берган отаси Камёр: “Ўғлим қизни ўлдирмаган. У энг охирги дақиқагача “Мен қотил эмасман”, “Мен уни ўлдирмаганман”, деб айтиб турди”,-деди.
Европа Иттифоқи бу воқеа Эрон томонидан олинган халқаро мажбуриятнинг бузилиши эканини, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бошқармаси эса “ўта ташвишли ва инсониятни шокка солувчи”ҳодиса бўлганини қайд этди.
Iran Human Rights ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса “бу воқеа халқаро миқёсдаги жиноят бўлди”, деб баёнот берди.
Абдолалининг севган қизи 2014 йилда бедарак кетган эди. Қизнинг жасади шу кунгача топилган эмас. Абдолали қўлга олиниш чоғида жиноятни содир этганини тан олган, аммо тергов жараёнида у ўз айбини тан олмаган.
Amnesty International Абдолалига нисбатан суд жараёни “ўта нохолис ва адолатсиз” бўлгани, “суд фақат қийноқлар остида олинган маълумотларга” таянгани ҳақида билдирган.
Amnesty International ташкилоти ўтган йили Эронда турли жиноятларда айбланган камида 246 киши қатл қилинганини маълум қилган.
Iran Human Rights ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти баёнотида қайд этилишича, сўнгги 10 йил ичида Эронда камида 64 киши болалигида содир этган жиноятлари учун қатл қилинган.