Литвиненконинг беваси 15 йилдан бери адолат изламоқда

Марина Литвиненко.

2006 йил 23 ноябрда Россия Федерал Хавфсизлик Хизматининг собиқ зобити ва Кремлнинг ашаддий танқидчиси Aлександр Литвиненконинг тўсатдан қочди ва уч ҳафта ўтиб, Лондондаги касалхонада радиациядан заҳарлангани оқибатида вафот этди. Литвиненконинг ўлими унинг рафиқаси Марина Литвиненконинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборди. У 15 йилдан буён эри билан бўлган ишда адолат талаб қилиб, айбдорлар жазоланиши учун курашиб келмоқда.

"Мен худди икки ўт орасида қолгандекман. Улардан бири тергов қилишни истамаган Россия бўлса, иккинчиси бундан манфаатдор бўлмаган Британия эди", деган у “Current Time” га берган интервьюсида.

Лондонга катта миқдордаги рус сармояси келиб тургани боис, Британия ҳокимиятидагиларнинг аксарияти Россия билан можарога боришни истамади. Шунга қарамай, Марина ҳеч қачон таслим бўлиш ҳақида ўйламаган.

“Мени бошқалардан асосий фарқим ҳеч қачон умидсизликка тушмаганимда деб ўйлайман”, деган эди у сентябрь ойида Озодлик билан суҳбатда.

"Ҳозир кимлардир бу бефойдалигини айтса ҳам, мен қилаётган ишлар ва Россияда курашаётган одамларнинг ҳаракатлари ўз самарасини беришига ишонаман.”

Унинг узоқ йиллик курашининг натижаси ўлароқ, 21 сентябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Литвиненконинг ўлдирилишида Россия жавобгар деган хулосага келди. Суд Литвиненконинг собиқ КГБ агенти, ҳозирда Россия парламенти қуйи палатаси депутати бўлган Aндрей Луговой ва россиялик тадбиркор Дмитрий Ковтун томонидан ўлдирилган деган қарорга келган.

Александр Литвиненко (ўнгда)

Тергов натижаларига кўра, улар Литвиненкога жуда камёб бўлган юқори радиоактив модда полоний-210 қўшилган чой ичирган. Лондонда бир қанча жиноят излари ҳам топилган.

Суд қарорига кўра, Луговой ва Ковтун Литвиненкони заҳарлашда Россиянинг агентлари сифатида ҳаракат қилган. Чунки суд гумондорлар Россия ҳукумати ёрдамисиз полонийни топа олиши эҳтимолдан йироқ деб ҳисоблайди.

“Россия ҳукумати айбини тан олса, бу катта ғалаба бўлади”, деганди ўшанда Марина Литвиненко.

Далилларга қарамай, Луговой, Ковтун ва Россия ҳукумати бу ишга алоқадорлигини инкор этиб келади.

Ўлганида 43 ёшда бўлган Aлександр Литвиненко 1998 йилда Федерал хавфсизлик хизмати раҳбарлари унга россиялик олигарх Борис Березовскийни ўлдиришни буюрганлигини очиқчасига айтган эди. У 2000 йилда Британияга қочиб кетган ва сиёсий бошпана олган. Шунингдек, у ФСБ ни 1999 йилда Россиянинг кўп қаватли уйларида бир қатор ҳалокатли портлашлар уюштирганликда айблаган.

Литвиненко заҳарланишидан бир ой олдин Путинни суриштирувчи журналист Aнна Политковскаяни ўлдиришга буйруқ берганликда ҳам айблаган.

“Aлександр ўз давридан олдинда эди. У бизни Россияда кучайиб бораётган тузум ҳақида биринчи бўлиб огоҳлантирган. Совет хавфсизлик хизмати режими ҳеч қачон йўқолмаган, доим сақланиб қолган. Aммо, у ҳозир янада даҳшатлироқ тизимга айланган”, деди унинг беваси “Current Time” нашрига.

Страсбург суди ўз қарорида Россияни ишни тўғри текширмагани ва ўз хулосаларини суд билан баҳам кўрмагани учун танқид қилган.

“Ўйлайманки, кўпчилик бир нарсани тушуниши жуда муҳим, агар ишларингиз кутганингиздек тез амалга ошмаса, тушкунликка берилманг, ортга чекинманг, айниқса бу адолатни юзага чиқариш билан боғлиқ бўлса. Сиз адолатга эришишингиз шарт”, деган Марина Литвиненко

Британиянинг тергов хулосаларига асосланган ҳолда Страсбург суди Луговой ва Ковтун қотилликни Путиннинг розилиги асосида ўша пайтдаги ФСБ директори Николай Патрушев буйруғи билан қилган деб топди.

“Россиянинг одамларга ва бошқа мамлакатларга қарши содир этаётган жиноятлари ҳеч қачон унутилмайди”, деган Литвиненко ва суд қарори унинг изланишларини якунламаслигини, адолат учун курашда давом этишини таъкидлади.