Жиззах вилояти Зомин тумани “Дуоба” маҳалла фуқаролар йиғини “Ўриклисой” аҳоли пункти ҳудудига яқин жойда 1 август куни юзага келган ёнғин оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди.
Вазирлик қайдича, "Зомин" санаторийси яқинида 80 гектар майдонда якшанба куни эрталаб соат 10:40 дан бошланган ёнғин ФВВ, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Чегара қўшинлари, Давлат ўрмон хўжалиги қўмитасининг юзлаб ходими иштирокида соат 18:20 га бориб тамоман ўчирилган.
Ёнғинни ўчириш учун 14 та ёнғин ўчириш экипажи, битта ёнғин қутқарув отряди ҳамда тўртта вертолёт жалб этилган ва тақрибан 7 соат вақт сарф қилинган.
“Тегишли идораларнинг куч воситаларининг ўз вақтидаги харакатлари натижасида ёнғин яқин атрофдаги аҳоли пунктларига ўтмади”, дейилган ФВВ хабарномасида.
Айни пайтда Мудофаа вазирлиги Зоминдаги ёнғинни бартараф этишга 400 нафар ҳарбий хизматчидан иборат батальон жалб этилгани, Ҳарбий-ҳаво кучлари вертолёт авиацияси звеноси томонидан Зомин сув омборидан йигирма маротабадан ортиқ махсус восита ёрдамида сув олиниб, ҳаводан олов ўчоқларига 30 тоннадан зиёд сув ташланганини билдирган.
Зомин туманидаги ўрмон ҳудудида 1 август куни ёнғин содир бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.