Россия Украинага қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни бошлаган тақдирда “катта товон” тўлайди. Хусусан, унинг иқтисодий, стратегик ва сиёсий манфаатлари жиддий зиён кўради. Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Киевда украиналик ҳамкасби Дмитрий Кулеба билан музокаралардан сўнг ана шундай баёнот берди.
Бербок дипломатик музокаралар Россия-Украина муносабатларидаги кескинликни юмшатишнинг бирдан-бир йўли эканлигини айтган. У Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини билдирган. Айни пайтда вазир ГФР ҳукумати Киевга қурол-аслаҳа етказиб бермаслик қарорини ўзгартирмаслигини урғулаган.
Россиядан Болтиқ денгизи туби орқали Германияга тортилган “Шимолий оқим-2” газ қувури ҳақида тўхталаркан, вазир уни сертификатлаш вақтинча тўхтатилгани, чунки газ қувури Европа ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ эмаслигини айтган.
Газ қувурини фақат тижорат лойиҳаси деб ҳисобловчи қатор немис сиёсатчиларидан фарқли ўлароқ, Бербок унинг геостратегик жиҳатлари ҳам борлигини айтган ҳамда Россия Украинага тажовуз қилган тақдирда, Германия ва унинг ҳамкорлари Кремлга нисбатан “адекват чоралар” кўришига ваъда берган. Бироқ вазир лойиҳадан буткул воз кечиш тўғрисида лом-мим демаган.
Бербок Германия коалицион ҳукуматида газ қувурига қарши позицияда турган “Яшиллар” партиясини тамсил этади.
Германияда Россия билан муносабатлар сўнгги пайтларда жиддий баҳс мавзусига айланган. Хавфсизлик ва халқаро алоқалар соҳасидаги 73 нафар эксперт ҳукумат ва парламентга очиқ хатида Берлинни Москвага нисбатан қаттиққўл сиёсат юритишга чақирган.
Германия ТИВ раҳбари Киевдан сўнг Москвага боради – бу унинг декабрь ойи бошида лавозимга ўтирганидан бери Россияга илк ташрифи бўлади.